Шофиркон: қуёш панеллари экин ерини суғоришда ҳам энергия манбаи бўлмоқда
2025-06-13 14:20:00 / Янгиликлар

Туманда сув таъминотини яхшилаш ва қишлоқ хўжалиги ерларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида қуёш панелларини ўрнатиш ишлари кенгаймоқда. Жумладан, айни кунда ҳудудда “Shavqiddin Jamshid”, “Oʻktam Latif Saxiy”, “Bafo bobo Choʻpon ota”, “Zumrad”, “Bodimax” ва “Eʼzozbek Rasul bobo” фермер хўжаликларида жами 380 кВт соат қувватга эга бўлган қуёш панеллари ўрнатилиши аллақачон бошланган. Бу лойиҳалар учун “Агробанк” АТБ Шофиркон филиали томонидан 1 миллиард 393 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи молиялаштирилган.
Шулар қаторида, “Шароф Рашидов” МФЙ да фаолият юритаётган кўп йиллик деҳқон Ўктам Якубов бошчилигидаги “Bafo bobo Choʻpon ota” фермер хўжалиги ҳам 32 гектардан иборат пахта ва буғдой етиштирилаётган экин ерларини суғориш учун 60 кВт соат қувватдаги қуёш панелларини ўрнатди. Бунинг натижасида фермер хўжалиги бир ойда ўртача 11 минг кВт соат электр энергиясини истеъмол қилмоқда ва ҳозирда бу эҳтиёжнинг катта қисми қуёш панеллари орқали бартараф қилинмоқда.
Аҳамиятли жиҳати, бу лойиҳа фермерга энергия тежамкорлиги, барқарор сув таъминоти ва ишлаб чиқариш сарф-харажатларини камайтириш имконини бермоқда. Умуман, бу ҳаракат чекка туманда экологик тоза ва инновацион технологияларни амалиётга жорий қилиш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади. Зеро, ҳар бир хўжаликда деҳқончилик ишларининг асосий босқичларида – хусусан, суғориш ишларида электр энергияси ҳал қилувчи омил ҳисобланмоқда. Шу сабабли, хўжаликлар томонидан 60 кВт қувватга эга қуёш панеллари тизими ўрнатилаётгани бу борадаги ташвиш-муаммоларга ечим сифатида қаралмоқда. Бу тизим тўғридан-тўғри суғориш насослари ва дренаж қудуқларини барқарор энергия билан таъминлаш имкониятини беради.
Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, ойлик электр энергияси эҳтиёжи 11 минг кВт соат бўлган биргина “Bafo bobo Choʻpon ota” фермер хўжалиги эндиликда ушбу эҳтиёжининг катта қисмини қуёш панеллари орқали қопламоқда. Бу эса электр таъминоти барқарорлигини ошириш билан бирга, хўжалик харажатларини сезиларли даражада камайтирмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





