Вобкент: “Гулистон” ва “Роҳкент” ҳудудларида ғалла ўрим-йиғими авжида
2025-06-13 14:20:00 / Янгиликлар

Давлат хариди асосида қабул масканларига киритилаётган буғдой ҳосили билан бирга ўрим-йиғим якунига бориб туманда ялпи ғалла хирмонини 38 минг тоннадан ошириш, ҳар гектар ҳосилдорлигини 70 центнерга етказиш имконияти мавжуд. Бошқача айтилганда, ҳар бир фермер хўжалиги жамоасининг сара дон ҳосилидан қўлга киритиши кутилаётган моддий манфаатдорлиги давлатга сотилаётган буғдойдан кам бўлмаслиги кўзда тутилган.
Айни кеча-кундузда вобкентлик деҳқон миришкорлар машаққат билан етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай, қисқа муддатда ўриб-йиғиб олиш мақсадида 27 та ғалла ўриш комбайни кучидан фойдаланишмоқда. Бобо-деҳқоннинг пешона тери эвазига етиштирилган ҳосил чўғи ёмон эмас. Ўримнинг дастлабки ҳафтасида ҳар гектар ердан ўртача 55 центнердан хирмон кўтарилгани баракали ҳосилдан далолатдир.
Жумладан, "Гулистон" ва “Роҳкент” ҳудудларида фаолият юритувчи "Ҳайитов Икром саҳовати", "Ўктам Шерали Шаҳзодбек", "Зиё Шароф", "Муҳаммад Амир Рамзиддин" каби фермер хўжаликларида ҳар йилги тажрибаларидан келиб чиқиб, белгиланган ғалла хирмонини илғорлар қаторида барпо қилиш саъй-ҳаракати бормоқда.
—Биргина “Ўктам Шерали Шаҳзодбек” фермер хўжалигини олсак, кеч кузда 11 гектардан иборат ғалла ерида “Старшина” навига мансуб серҳосил буғдой экиб парваришга киришган хўжалик миришкорларининг шу кундаги хирмон 40 тоннага етказилмоқда,—дейди “Гулистон” ҳудуди раҳбари Одилбек Амонов.—Ўрим-йиғим якунигача бу хўжалик буғдой хирмонини 60 тоннага етказиш ҳаракати бормоқда. Бошқа хўжаликларда ҳам худди шундай, мўл ҳосилдан аввало меҳнат жамоалари моддий манфаатдорлиги оширилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




