Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги делегация Шэньян шаҳрида “II халқаро биродар шаҳарлар форуми”да иштирок этишди
2025-06-13 10:30:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳам нутқ сўзлади. Вилоят раҳбари аввало, иккинчи маротаба ўтказилаётган биродар шаҳарлар анжумани доирасидаги самимий қабул ва юқори даражадаги ташкилий ишлар учун миннатдорлик билдирди.
Ботир Зарипов нутқи давомида бундай анжуманлар фақатгина учрашув эмас, балки халқлар ўртасида яқинлашув, тажриба алмашиш ва минтақаларни ривожлантиришга қаратилган реал лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим платформа эканлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, бугун мамлакатимиз Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида очиқлик, ислоҳотлар ва тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйганлиги, Янги Ўзбекистон — барқарор ва барча давлатлар билан конструктив ҳамкорликка интилувчи мамлакат сифатида бутун дунёга намоён бўлаётганлиги қайд этилди.
Эътироф қилинганидек, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик – икки давлат муносабатларидаги устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Бухоро вилояти Хитой Халқ Республикасининг ҳудудлари, айниқса, Ляонин провинцияси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдордир.
— Биз инфратузилма, туризм, саноат ва логистика соҳаларини жадал ривожлантирмоқдамиз. Бугунги кунда Бухоро вилояти хитойлик инвесторлар ва бошқа давлатлардан келадиган дўстлар учун ишончли ҳамкорга айланмоқда. Жорий йилнинг март ойида Бухоро вилояти билан Ляонин вилояти ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш бўйича англашув баённомаси имзоланганидан чин қалбимдан мамнунман. Бу ҳужжат фақат расмий келишув эмас, балки ўзаро ҳамкорлик ва ишончнинг рамзидир,-деди Ботир Зарипов.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон ва Хитой — стратегик ҳамкор ҳисобланиб,. мамлакатларимиз энергетика, “яшил иқтисодиёт”, автомобилсозлик, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва рақамли трансформация каби соҳаларда муваффақиятли лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Шундан келиб чиқиб, Ботир Зарипов инвесторларни мамлакатимизда, шу жумладан, Бухорода ўз бизнесини очишга таклиф этди.
Шунингдек, Ботир Зарипов Ляонин провинцияси партия қўмитаси котиби ўринбосари ва Ляонин провинцияси губернатори Ван Синвей билан учрашди. Мулоқотда ҳудудлар ўртасида ҳамкорликнинг жорий ҳолати, уни фаоллаштириш, инвестицияларни жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди. Шунга кўра, ўзаро тенг манфаатли лойиҳаларни амалга оширишнинг истиқболлари юзасидан келишиб олинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






