Долзарб мавзудаги мулоқот диний радикализм, коррупция ва манфаатлар тўқнашувига бағишланди
2025-06-12 11:15:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокимлиги бошқарув аппарати масъул ходимлари, тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари, online студиялардан шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ўринбосарлари, давлат фуқаролик хизмати ходимлари иштирок этган мулоқотни вилоят ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Иззатулло Маҳмудов олиб борди.
Таъкидланганидек, давлат хизмати мамлакат равнақига хизмат қиладиган, халқ билан ҳукуматнинг узвийлигини боғлайдиган муҳим ришта ва астойдил меҳнат қилишни тақозо этадиган шарафли ва шу билан бирга масъулиятли вазифа. Давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда меҳнат шартномаси асосида ёхуд сайлаб қўйиладиган, тайинланадиган лавозимларда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган бошқарув ходими. Давлат хизматчиси ўз фаолиятида юқори малакага эга бўлиб, холислик, принципиаллик, ҳаққонийлик, инсонпарварлик тамойилларига қатъий риоя этиши, турли иллатлардан холи бўлиши, коррупция ва манфаатлар тўйнашувига йўл қўймаслиги тақозо қилинади.
Зеро, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, «Бетакрор юртимизга, олжаноб халқимизга садоқат билан хизмат қилиш барчамизнинг шарафли бурчимиздир!».
Шу нуқтаи назардан, вилоят ҳокимининг ўринбосари Азиз Қаландаровнинг маърузаси диний радикализмга қарши кураш чора-тадбирлари ва бу жараёнда давлат хизматчисининг ўрни ҳамда вазифалари хусусида бўлди.
Мамлакат ва миллатимиз, Ватаннинг, юртнинг ривожига ҳисса қўшишимиз, ёт ғоялар таъсирига берилмаслик, айниқса интернет ва ижтимоий тармоқлар имкониятидан оқилона фойдаланиш, унда айрим динни ниқоб қилиб олган кимсалар томонидан тарғиб этилаётган мазҳабсизлик, радикализм ва бошқа экстремистик ғоялардан ўзимизни ва фарзандларимизни ҳимоялаш, бир сўз билан айтганда, диний илмлар билан бирга албатта дунёвий илмларни эгаллашимиз, илм-фанга яқин бўлишимиз, фарзандларимизни халқ хўжалиги тармоқлари мутахассислари сифатида ўқитиб, касб-корли қилиш, ҳаётда ўз ўринларини топишларига кўмаклашиш ҳам қарз, ҳам фарз эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, мулоқотда қатнашган вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шерзод Бахронов давлат фуқаролик хизматчилари зиммасидаги долзарб вазифалар, бу борада мамлакатимизда коррупция ва манфаатлар тўнашувига доир қабул қилинган Қонунлар мазмун-моҳияти ҳақида маъруза қилди. Қайд қилинганидек, давлат хизматида коррупция, таъмагирлик, манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишнинг асосий принциплари қонунийликни, фуқароларнинг, ташкилотлар, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатлари устуворлигини таъминлаш, очиқлик ва шаффофлик, холислик, коррупцияга нисбатан муросасизликни намоён этишда яққол ифодаланади.
Диний радикализм, экстремизм, шунингдек, коррупция ва манфаатлар тўқнашуви мавзуларига бағишланган долзарб мулоқотда йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






