Вобкент: "Азизбек-Эъзозбек замини”, “Ўриной Мирзаева” каби хўжаликларда ғалла хирмони юксалмоқда
2025-06-11 18:35:00 / Янгиликлар

Табиатнинг ўзига хос инжиқлигини ҳар йилги тажрибадан кўраётган вобкентлик ғаллакорлар ҳам жорий йилда ҳар қачонгидан мўл ҳосил етиштирдилар. Белгиланган агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли адо этилгани туфайли ғалладан мўл ҳосил етиштирилмоқда.
Таҳлиллардан кўринишича, туманда 2025 йил мавсумида қишлоқ хўжалигида банд 337 та фермер хўжалиги томонидан 6 минг 661 гектар ғалла майдонидан режада белгиланган 19 минг 867 тонна ўрнига, 20 минг тоннадан ортиқ сифатли дон ишлаб чиқариш мақсад қилинган. Бу жараёнда юқори даражада ташкил қилинган ўрим-йиғим мавсуми якунига бориб ҳар бир гектар ҳосилдорлигини 70 центнердан ошириш имконияти яратилган.
Айни кеча-кундузда машаққат билан етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай, қисқа муддатда ўриб-йиғиб олиш мақсадида 27 та ғалла ўриш комбайни кучидан фойдаланилмоқда. Бобо-деҳқоннинг пешона тери эвазига етиштирилган ҳосил чўғи ёмон эмас. Ўримнинг дастлабки ҳафтасида ҳар гектар ердан ўртача 55 центнердан ҳосил кўтарилди.
— Мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида ҳар бир юқори унумдор комбайн билан кунига ўртача 5-10 гектар атрофидаги ғаллазор ҳосилини ўриб-йиғиб олиш чораларпи кўрилмоқда,—дейди туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Озодбек Нўкаров.—Ғалла ўрим мавсуми учун ишчи гуруҳи ташкил этилган бўлиб, ўрим-йиғимда иштирок этаётганларга даланинг ўзида иссиқ овқат, зарур меҳнат шароити, кўчма техник хизмат кўрсатиш мобил гуруҳлари шай қилинган. Ғалла ўриш комбайнлари бир маромда, узлуксиз ишлашини таъминлаш учун ёқилғи мойлаш материаллари ва бошқа зарурий асбоб-ускуналар шай қилинган.
Туманда давлатга ғалла сотиш шартномавий топшириғини ошириб бажараётган хўжаликлар сони кундан-кунга кўпаймоқда. Жумладан, "Азизбек-Эъзозбек замини” фермер хўжалиги мўлжалдаги 46 тонна ўрнига 57 тонна, "Ўриной Мирзаева" фермер хўжалиги режадаги 66 тонна ўрнига 72 тонна ғаллани давлат қабул масканига етказиб бериб, белгиланган режани ошиғи билан бажаришди. Аммо ҳали бу хўжаликлар ихтиёрида ҳосили ўрилмаган гектарлар бор. Бундан кўринадики, далада жамоа меҳнаткашлари моддий манфаатдорлигини янада ошириш имконияти мавжуд.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




