Янги аэропорт йўлида ҳам иш қизғин тус олган
2025-06-11 11:50:00 / Янгиликлар

Давлат-хусусий шериклиги асосида умумий қиймати 226 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ушбу йирик лойиҳа доирасида жаҳон стандартларига мос замонавий аэропорт ташкил этилади. Бу ҳозирда фойдаланиб келинаётган аэропортдан уч баробар кўп қувватга эга янги замонавий халқаро аэропорт бўлиши мақсад қилинган.
Хизмат кўрсатиш терминали орқали соатига 1 минг 200 нафар йўловчини ўз манзили сари кузатиб-кутиб олинадиган мазкур аэропорт Бухоро шаҳрининг ҳам ўзига хос кўрки бўлиши кутилмоқда. Йўловчи ва ҳаво кемаларига сервис сифатини ошириш орқали янги халқаро авиакомпанияларни ҳам жалб қилиш кўзда тутилган.
Шунингдек, янги аэропортда парвозларни бошқариш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш тизимлари, кутиш-кузатиш заллари талабга жавоб берадиган даражага етказилади.
Шу кунларда Бухоро шаҳри остонасида барпо қилишга киришилган бу йирик “ҳаво кемалари бандаргоҳи”—янги аэропортга олиб борадиган йўлнинг 33 километрдан иборат муқобил автомобиль йўлини қуриш, ҳудудни ўзлаштириш ва зарур тупроқ ишларини бажариш ишлари жадал суръатларда давом эттирилмоқда.
Бу жараёнда Ромитан туман йўллардан мунтазам фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси ишчи-мутахассислари томонидан йўл асосини тайёрлаш, шағал тўкиб, автогрейдер ёрдамида юзани текислаш, бошқа махсус техникалар жалб қилингани ҳолда шағал ётқизиш, сув сепиш, каток ёрдамида тиғизлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








