Шофиркон: “Ташаббусли бюджет” дастури асосида Чандир ва Қўрбонгли қишлоқлари йўли асфальтлаштирилди
2025-06-11 08:50:00 / Янгиликлар

Бу борада биргина жорий йилги “Ташаббусли бюджет” жараёнига тўхталсак, 2024 йил биринчи мавсумида Шофиркон туманида жами 18 минг 500 метр узунликдаги, умумий лойиҳа қиймати 8 миллиард 470 миллион сўмга тенг бўлган 6 та қишлоқ йўлини асфальтлаштириш мақсад қилинганди. Мазкур барча йўл иншоотлари лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, “Shaffof qurilish” миллий ахборот тизими орқали пудратчи корхоналар аниқланган.
Жорий йил дастлабки ярми даврида жумладан, “Мазлахон Чандир” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Чандир ва Қўрбонгли қишлоқлари аҳолисининг талаб ва истаклари асосида “Ташаббусли бюджет” дастурига ички йўллар таъмири киритилган. Икки қишлоқ аҳолисининг якдил ҳаракати ва овоз бериш жараёни уюшқоқлик билан ўтгани туфайли ҳар икки аҳоли пунктидан жами 10 мингга яқин овоз йиғилиб, ғолибликка эришилди.
—Бу қишлоқлардаги деярли ҳар бир кўчага ўтган йилларда “Обод қишлоқ” дастури доирасида йўл асоси тайёрланиб, шағал ётқизилгани ҳолда йўловчилар, ҳайдовчи ва пиёдалар учун имконқадар қулайлик яратилган. Эндиликда эса Чандирда 2,9 километр, Қўрбонглида эса 3,2 километр узунликдаги йўлга асфальт бостирилгани бунда истиқомат қилаётган аҳолини хурсанд қилди,—дейди “Мазлахон Чандир” МФЙ раиси Бобир Орипов.—“Ташаббусли бюджет” дастури туфайли амалга оширилган бу лойиҳалар ҳар бири учун буюртмачи ташкилот “Buxoro mintaqaviy yoʻllarga buyurtmachi xizmati” давлат муассасаси ҳисоб-китобига биноан 1 миллиард 300 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Йўл таъмирида эса пудратчи субъект "Elshod qurilish servis" МЧЖ ишчи-мутахассислари алоҳида жонбозлик кўрсатиб, маҳаллий аҳоли олқиш ва дуоларини олмоқдалар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








