Олот: Бунёдкор маҳалласида ширинликлар цехи ишга тушди
2025-06-08 16:55:00 / Янгиликлар

Умумий аҳоли сонидан хотин-қизлар қарийб 53 минг кишини ташкил қилмоқда. Иқтисодий аҳволи, хонадонлар моддий манфаатдорлигига биноан ажратилган тоифага назар солсак, ўтган йил бошидан ҳудуддаги 38 та маҳалланинг 20 таси “сариқ”, 18 таси “яшил” кўрсаткичга ажратилган ва одамлар ижтимоий муҳофазасига доир тизимли чора-тадбир олиб борилмоқда.
Уйма-уй юриб ўрганишлар ва хатловлар натижасида ҳудуддаги Усмоншайх, Ғанчи Чандир, Ўзбекистон, Каттабаёт, Опшоқ, Шайхлар, Давлатбой каби ўнга яқин қишлоқда ишсизлик даражасини камайтириш чоралари кўрилмоқда. Шу боис, жойларда ташаббускор тадбиркорлар истиқболли лойиҳаларини амалга оширишга эътибор кучайтирилгани аҳоли фаровонлиги, бандлик даражаси ошиши ва маҳаллалар ижтимоий-иқтисодий ривожига хизмат қилмоқда.
Бунга “Бунёдкор” МФЙ да яшовчи Бахтиёр Раҳмоновнинг ташаббускорлиги ҳам ёрқин мисолдир. У ўз уйида ширинликлар цехини ташкил этиб, оилавий тадбиркорлиги ортидан бир неча қишлоқ аёли бандлиги ва моддий манфаатдорлигини таъминламоқда. Ширинликпазлар айни пайтда 30 турдан ортиқ маҳсулот, ҳолва, пряник, тортларни тайёрлаб, ҳудуддаги ўндан ортиқ савдо дўкони орқали аҳоли дастурхонига етказиб беришмоқда.
Шу билан бирга, мазкур цех маҳсулотларига буюртма сони ошаётгани ортидан тўй-маъракаларга ҳам махсус ширинликлар ва тортлар тайёрлаб берилмоқда. Кичик корхона жамоаси бир кунда 2-4 миллион сўмлик, бир ойда 70 миллион сўмликка тенг маҳсулот—ширинликлар пишириб, барқарор ишлаб даромадга эришмоқда. Тадбиркор томони Бахтиёр Раҳмонов эса яқин ойларда иш фаолиятини кенгайтириш, янги бино қуриб, замонавий технологиялар билан жиҳозлаш, ишчилар сони ва маҳсулдорликни оширишни мўлжалламоқда.
Оилавий тадбиркорлик иши, юқоридаги фаолиятдан келиб чиқиб хулоса қилсак, ҳар бир ҳудудда шундай ташаббускор бизнес вакиллари кўпайса, маҳалла ва қишлоқлар янада обод ва хонадонлар даромадли бўлиб бораверади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






