Ғалла-2025: Бухорода ғалла ўрим–йиғимига расман старт берилди
2025-06-04 08:25:00 / Янгиликлар

Ғаллакорларимиз 573 минг тонна ғалла ишлаб чиқаришни, шундан, 190 минг тонна ғаллани давлатга сотишни, жумладан, 174,3 минг тонна товар дон ва 15,7 минг тонна уруғлик дон етказиб беришни мақсад қилишган.
Бугун, 4 июнь куни ҳар йилги анъанага мувофиқ ғалла ўрим-йиғими мавсуми бошланиши олдидан вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги тегишли соҳа мутасаддилари, пахтачилик-ғаллачилик кластерлари раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, агросаноат мажмуига дахлдор ташкилотлар, таъминот ва хизмат кўрсатувчи корхоналар масъуллари Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида жам бўлишди.
Тадбир аввалида Қуръон тиловат ўқилиб, бободеҳқонлар олдидаги машаққатли, шу билан бирга шарафли ишларида куч-қувват, юртимизда мўл-кўлчилик, тўкин-сочинлик барқарор бўлишлигини тилаб дуо қилинди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан қишлоқ хўжалиги тармоқларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, соҳага илм-фан ютуқлари, инновацион ғоялар жорий этилиши қўлга киритилаётган ютуқларда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Айни жараёнда Бухоро вилоятида ҳам замонавий мезонлар асосида буғдой навларини янгилаш, агротехник тадбирлар жараёнига қишлоқ хўжалиги олимларини кенг жалб этиш, фермер хўжаликлари моддий манфаатдорлигини ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этди.
Шу билан бирга эл-юрт дастурхонини нондек азиз неъмат билан тўкин қилишга муносиб ҳисса қўшаётган барча ғаллакорлар, мавжуд кластерлар, хизмат кўрсатувчи корхона-ташкилотлар жамоаларини далалардаги ҳосилни ўриб-янчиш жараёнини фаол ташкил этишга чақирди. Мавсумни сифатли ва самарали ўтказиш, ҳосилни нес-нобуд қилмасдан, ўз вақтида йиғиштириб олиш бўйича туман ҳокимлари ҳамда соҳа мутасаддиларига вазифалар белгилаб берилди.
Қайд этиш жоизки, бу борада барча зарур ҳаракатлар изчиллик билан амалга оширилди. Хусусан, жорий йилги ўрим мавсумига 185 дона комбайн, 925 дона юк ташиш машинаси, 163 дона ўт ўргич ва 134 дона зичлаб боғлагич (пресс подборщик) мавсумга шай ҳолатга келтирилган. Мавсум давомида комбайн ҳайдовчиларига етарли шарт-шароит яратиб бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий рағбатлантириш масалалари ҳам эътиборга олинган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








