Ромитан: бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ёшлар ва ишсизларга фойдали бўлди
2025-05-30 11:20:00 / Янгиликлар

Ромитан тумани ҳокимлиги ҳамда туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими билан ҳамкорлида ўтказилган меҳнат ярмаркасида тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалар ўзларидаги 625 та, шунингдек, вилоят марказидаги “Artel” компанияси 400 та бўш иш ўрни билан иштирок этишди.
Бу меҳнат ярмаркасига тумандаги барча махалла фуқаролар йиғинлари вакиллари, ташқи меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар, ишсиз аёллар ва ёшлар жалб қилиндилар. Корхона ва ташкилотлардан қатнашган масъул вакиллар ўзларида мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида батафсил маълумот бериб, танловни қабул қилган ёшлар билан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бордилар.
Шу кунларда ярмарка доирасида юзга яқин ишсиз фуқаро қатнашиб, шулардан 42 нафари “Artel” компанияси корхонасида ишлаш истагини билдирди. Улар учун шу куннинг ўзида корхона фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида транспорт ташкил қилинди.
“Меҳнат ярмаркаси” давомида тумандаги тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит пакетлари воситасида юк ташиш мотоцикллари, мульти тракторлар, аёллар сартарошлик анжомлари, новвойхона минитехнологияси, тикув машиналари ва бир нечта турдаги техникалар таклиф қилиниб, шу жойнинг ўзида танлов қабул қилган фуқароларга расмийлаштириб берилди.
Бундан ташқари, “Artel” компанияси вакиллари иштирокида вилоятдаги корхонасининг газ плитаси, мини печ, штамповка, витяжка-дудбўрони ишлаб чиқариш корхоналарига олий, ўрта махсус ва ўрта маълумотга эга, масъулиятли ва касбий кўникмаларини ривожлантирмоқчи бўлган талабгорларни ишга қабул қилишга доир амалий кўргазмали семинар ташкил қилинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








