Зафар муборак, бухоролик пиллакорлар!
2025-05-28 17:40:00 / Янгиликлар

Бухорода саноат учун ноёб ва қимматбаҳо хом ашё––пилла етиштиришда ўзига хос тажриба мактаби яратилгани самараси ўлароқ, жорий мавсумда ҳам давлатга “кумуш тола” сотиш режаси республикада биринчи бўлиб бажарилди.
Таҳлилий олганда, вилоятимизда сўнгги йилларда пиллачилик тармоғида ўсиш ва ривожланиш кузатилмоқда. Масалан, 2023 йилги мавсумда етиштирилган “кумуш тола” миқдори 2 716 тоннани ташкил этган бўлса, 2024 йилги хирмон салмоғи нисбатан 442 тоннага кўпроқ, яъни узоқ йиллик тажрибага эга пиллакорлар томонидан 48 минг 877 қути ипак қурти парваришланиб, 3 минг 143 тонна ўрнига 3 минг 158 тоннага етказиб пилла хом ашёси етиштирилган.
Бу йил пиллакорларимиз ҳосили салмоғи янада оширилмоқда. Буни аввало мавжуд инкубацияларда жонлантирилган 52 минг 388 қути ипак қурти ва ундан етиштирилган “кумуш тола” хирмони қабул пунктларига пилла ҳосилини топшириш давом этаётган бир пайтда режадагидан 43 тоннага кўп, яъни 3 минг 143 тонна ўрнига 3 минг 186 тоннага етказилганида ҳам кўриш мумкин.
Бундан ташқари, жорий йилги мавсумда вилоят туманларида 5 та пиллачилик кластери—“Romstar”, “Kumushkent ipagi”, “Gʻijduvon ipak tola”, “Silk seriyes”, “Silklili” масъулияти чекланган жамиятлари ва улар билан ҳамкорликда фаолият юритган фермер хўжаликлари, оилавий звенолар ва касаначилар ҳисобидан 110 мингга яқин аҳоли вакилининг бандлиги таъминланди.
Ипак қурти парваришида банд бўлган оилавий звенолар ва касаначилар бир ойдан ошиқ меҳнат даврида 130 миллиард сўмдан ошириб умумий даромад кўрдилар. Уларга ипак қурти тарқатиш олдидан 26 миллиард 200 миллион сўм атрофида аванс-бўнак пули тарқатилгани, қолаверса, маҳсулот етиштириш учун зарур воситалар, асбоб-ускуна ва дастаклар касаначи ва оилавий звеноларга қайта ишловчи корхоналар томонидан етказиб берилгани, жумладан, 60,2 тонна тўшама қоғоз, 16 минг дона термометр, 5 тонна миқдорида формалин, 25,4 минг дона психометр, 20 минг метр бўз, 2 тонна атрофида съёмниклар билан таъминлангани ҳам меҳнат муваффақияти омили бўлди.
Маҳаллий иқлим шароитида ҳар бир қути ипак қуртидан ўртача 65-70 килограм ҳосил олиниб, бир дона пилланинг оғирлиги 1,8-1,9 граммни ташкил қилди. Илғор звеноларимизда бир қутидан 85 килограмгача пилла олишга эришилди. Ҳудудлардаги пиллакор агрономлар саъй-ҳаракати, ўз вақтида сифатли озуқа билан таъминлангалиги эвазига вилоят пиллакорлари зиммаларига олган масъулиятли вазифани ортиғи билан бажардилар. Бунда айниқса, Олот, Ромитан, Шофиркон, Когон, Пешку, Бухоро, Вобкент ва Қоракўл туманлари миришкорлари пешқадам бўлдилар.
Эътиборга молик яна бир факт. Ипак қурти етиштиришда ҳосил салмоғини ошириш ва озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2024 йилда вилоят бўйича якка қатор тут кўчатлари экиш, эскирган тутзорларни реконструкция қилиш ҳамда тутзорлар қатор ораларига баҳор мавсумида қўшимча 8 миллион 57 минг туп ва куз мавсумида 10 миллион 43 минг туп тут кўчатлари ўтқазилиб, парваришланмоқда. Умумий ҳисобда сўнгги 2023-2025 йиллар давомида жами 42,6 миллион дона тут кўчати ўтқазилди.
Жорий йил етиштирилган “кумуш тола” ҳосилини қайта ишлашдан умумий қиймати 12 миллион АҚШ долларига тенг пилла хомашёсини чет элдаги ҳамкорларга экспорт қилиш режалаштирилган.
Албатта, вилоятимиз “кумуш тола” ижодкорларининг дастлабки ютуғи қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларида, хусусан, бугун уюшқоқлик билан бошланган ғалла ўрим-йиғимида, пахтачиликда ҳам баракали хирмонга мустаҳкам асос бўлади.
Меҳнат ғалабангиз қутлуғ бўлсин, бухоролик пиллакорлар!









