Қоракўл: ғалла ўрим-йиғимига 14 та комбайн ва юзга яқин ташувчи техника воситаси шай қилинмоқда
2025-05-24 16:25:00 / Янгиликлар

Ҳар йилги деҳқончилик анъанасига мувофиқ, жорий йилги деҳқончилик мавсумида чекка туманда бевосита ғаллачиликка ихтисослашган 223 та фермер хўжалиги томонидан жами 6034 гектар ерда сара навли бошоқли дон етиштирилди.
Миришкор деҳқонлар ва уларга яқиндан кўмаклашаётган агрокластер ва таъминотчи корхоналар меҳнати туфайли ҳадемай ғаллачиликдан баракали хирмон кўтариш мақсад қилинмоқда.
Албатта, кўзланган сара буғдой хирмони қизғин палла—ҳадемай бошланадиган буғдой ўрим-йиғимини юқори суръатда, уюшқоқлик билан ўтказиш орқали барпо қилинади. Бунда фермерларимиз “қаноти” — юқори унумдор комбайн агрегатларидан омилкорлик билан фойдаланиш тақозо қилинади. Шу нуқтаи назардан, айни кунда туманда ғалла ўрим-йиғимига жалб қилинадиган комбайлар ва уларга яқиндан жалб қилинадиган дон ташувчи техника воситалари техник кўриги, уларни таъмирлаш ва ўримга шай қилиш агротехник тадбирлари тўла-тўкис амалга оширилмоқда.
Жорий йил ғалла ҳосили ўрим-йиғими даврида олис туманда жами 14 та юқори унумли ғалла ўриш комбайни кучидан фойдаланиш кўзда тутилган. Мазкур агрегатларни мавсумга техник жиҳатдан шай қилиш ва таъмирлаш мақсадида улар "Merganteks" пахта-тўқимачилик кластери техника паркида жамланиб, механик ва механизаторлар томонидан техник кўрикдан ўтказилди, нуқсон ва камчиликлари бартараф этилди.
Жорий ўрим-йиғим мавсумида ҳудудлар бўйлаб 14 та ўрим-йиғим отряди ташкил этилган бўлиб, уларга 95 та дон ташувчи транспорт воситаси, 2 та кўчма таъмирлаш устахонаси ва 4 та ёқилғи ташувчи автомашина бириктирилмоқда. Мақсад ўрим-йиғимни тез фурсатда ва талофатларсиз, уюшқоқлик билан ўтказишдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









