Когон: Беклар ва Янги ҳаёт маҳаллалари йўли равон бўлди
2025-05-23 20:00:00 / Янгиликлар

Жумладан, туманнинг Янги-ҳаёт ва Мустақиллик маҳаллаларини боғловчи “80-В 171” русумли маҳаллий аҳамиятдаги автомобил йўли 650 метр қисми ўтган ҳафтада таъмирдан чиқарилиб, асфальтлаштирилганди. Шу кунларда Истиқбол ва Беклар маҳаллаларини боғловчи “80-В 178” русумли маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўли 800 метр қисмига ҳам асфальт бостирилиб, йўловчи ва ҳайдовчилар учун қулай шарт-шароит ҳозирланди. Бу ишда туман йўллардан фойдаланиш давлат муассассаси ишчи-мутахассислари жонбозлик кўрсатдилар.
Йўл инфратузилмасини яхшилаш аҳолига қулайлик яратишнинг бирламчи шартларидан бири экан, бу борада темирйўлчилар туманининг ҳар бир маҳалла ва қишлоғи йўлини рисоладагидек кўринишга келтириш, пиёдалар ва ҳайдовчилар қатнаши учун равон йўл ҳозирлаш ишлари мунтазам давом эттирилмоқда.
Ўтган йили бу борада ҳудудда амалга оширилган йирик лойиҳалардан бири “Сорғун” МФЙ дан ўтувчи "4K-182" "Когон-Катта-Орғун-Янглов-Қизилтепа" йўлининг 3 километр қисми туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан асфальтлаштирилгани бўлди. Мазкур ташкилот томонидан йўл чекка қисмларида аҳоли қатнови учун 2 километр масофада пиёдалар йўлакчаси барпо этилган. Бу лойиҳа умумий қийматига кўра, давлат бюджети ҳисобидан 2 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








