Когон: “Мустақиллик” маҳалла маркази фойдаланишга топширилди
2025-05-21 14:35:00 / Янгиликлар

Куни кеча Когон туманида “Мустақиллик” маҳалла маркази биноси фойдаланишга топширилгани маҳалла маъмурияти ҳамда ҳудуд аҳолиси учун чинакам совға бўлди. Маҳалла биносининг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Отабек Қазоқов бошчилигидаги масъуллар, жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари, меҳна фахрийлари иштирок этдилар.
“Мустақиллик” маҳалла маркази биноси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 сентябрдаги “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан бунёд қилинган. Бунда умумий қиймати 4 миллиард 628 миллион сўм маблағ молиялаштирилган бўлиб, 13 сотихдан иборат ер майдонида амалга оширилган қурилиш ишларида маҳаллий пудратчи "Амиршоҳ моҳир қурувчи" МЧЖ бинокорлари жонбозлик кўрсатдилар.
Замонавий андозадаги мазкур уч қаватли иншоот очилишида сўзга чиққанлар ҳудуд аҳолисини замонавий қиёфадаги, кўркам маҳалла биноси билан муборакбод этиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳалла институти фаолиятини янада ривожлантириш, уни халқчил тузилмага айлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидладилар.
Янги қурилган маҳалла маъмурий маркази биносида унинг раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда профилактика инспектори учун алоҳида хоналар мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири замонавий моддий-техника воситалари ва мебель жиҳозлари билан таъминланган.
Хусусан, мазкур кўркам бино ертўла қисмидан иборат бўлиб, ерости қаватида мева-сабзавотларни саралаш ва қадоқлаш учун махсус жой, ёрдамчи хоналар, биринчи қаватда эса аёллар ва эркаклар учун алоҳида сартарошхона, қандолат цехи ва савдо дўкони, иккинчи қавати асосан ўқув марказларига ажратилган бўлиб, унда касб-ҳунарга йўналтириш ўқув маркази, фитнес зали зарур инвентарлар билан жиҳозланган. Учинчи қаватда асосан ёшлар билан гавжум бўлиши учун тикув цехи, маиший техника устахонаси фаолиятини йўлга қўйилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









