Қоровулбозор: "Vigour Export" корхонаси Афғонистонга тухум экспорт қилмоқда
2025-05-17 17:35:00 / Янгиликлар

Айни кунда чўлқуварлар замини Навбаҳор маҳалласида фаолият юритаётган "Vigour Export" МЧЖда ҳам паррандачилик тармоғига дахлдор, умумий қиймати 11 миллиард сўмга тенг лойиҳа амалга оширилди. Бу сармоянинг 3 миллиард сўми тадбиркорлик субъекти раҳбари Анвар Ҳамроев бошлиқ мазкур масъулияти чекланган жамиятининг ўз маблағи.
— Фаолиятимизни бошлаганимизга 3 йилдан ошди,—дейди маҳаллий тадбиркор Анвар Ҳамроев.—Дастлабки босқичда Хитой технологияси асосида товуқхона павильони барпо этилган бўлиб, унда жами 50 минг бошдан ортиқ «Loman Sendi» зотига мансуб, тухум етиштириш йўналишидаги товуқлар парваришини йўлга қўйдик. Яқин икки ойда яна бир, 100 минг бош товуққа мўлжалланган иккинчи павильонни ишга туширамиз. Ҳозирда 16 нафар ишчи меҳнат қилаётган фермамизда лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга тушиши натижасида яна 10 та янги иш ўрни яратилади.
Шунингдек, корхонада жорий йилнинг март ойида қиймати 120 минг АҚШ долларига тенг бўлган замонавий тегирмон ўрнатилган. Мазкур тегирмон соатига 5 тонна озуқа ишлаб чиқариш қувватига эга. Шу вақтга қадар зарур озуқа бозордан сотиб олинган бўлса, эндиликда товуқларга бериладиган комби-корм, омухта ем шу ернинг ўзида ишлаб чиқарилаётгани сарф-харажатни қисқартиришга сабаб бўлди.
Бир дона тухум нархини ўртача 800 сўмдан ҳисоблаганда ҳам "Vigour Export" да қўлга киритилаётган бир кунлик даромад 30 миллион сўмга етмоқда. Демак, бунда меҳнат қилаётган 16 нафар ишчининг моддий манфаатдорлиги чаккимас, иш ҳақи ойига 3,5 миллион сўм атрофида.
Бундан ташқари, мазкур корхона жорий май ойи бошидан буён Афғонистон республикасига 20 минг АҚШ доллари миқдорида тухум экспорт қилди. Бу лойиҳанинг бир қисми, холос. Яқин истиқболда тадбиркорлик субъекти маҳсулот экспорти ҳажмини 10 баробарга ошириш чораларини кўрмоқда. Эътиборлиси, Қоровулбозорда бу каби корхоналарнинг кўпайиши озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли дастурхони тўкинлигига ҳисса қўшиш, қолаверса, оилалар моддий манфаатдорлигини оширишга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







