Ромитан: атторонлик Қумри Ражабова оиласи ҳам 2 қути ипак қуртидан 150 килограмга етказиб пилла топширмоқда
2025-05-16 15:15:00 / Янгиликлар

Бугунга келиб туман меҳнаткаш пиллакорларининг сермашаққат фаолияти ўз самарасини бериб, пиллакорлар ҳар бир қутидан 60 килограмм ўрнига ўртача 68-75 килограмдан юқори сифатли “кумуш тола” етиштираётганликлари муваффақият омили бўлмоқда. Пилла қабул қилиш масканида эса режадан ошиқча топширилган ҳар килограм ҳосил учун тарози олдида 50 минг сўмдан мукофот пули берилаётгани “кумуш тола” парваришига бўлган қизиқиш ва рағбатни оширмоқда.
Бу йил баҳорги мавсумда туман инкубаторияларида жонлантирилган ипак қурти ўтган йилгисидан 293 қутига кўпроқ, яъни 4 минг 368 қутини ташкил этмоқда. Етиштирилаётган пилла салмоғи эса бултургисидан 17,7 тоннага кўпроқ, аниқроғи, 270 тоннадан салмоқлироқ кўриниш олмоқда. Гарчи бир ойдан ошиқроқ мавсум бўлсада, ипак қурти парвариши, пилла етиштиришнинг ўзи бир машаққат. Шунга қарамасдан, меҳнату машаққатни зиммасига олган миришкорлар томонидан айни кунда туманнинг “Навбаҳор” МФЙ даги пилла қабул қилиш пункти ҳар қачонгидан гавжум кўриниш олмоқда.
Албатта, баҳорги мавсумда 270 тоннадан мўл ҳосил хирмонини яратиш ромитанлик миришкор пиллабоқарлар учун чакана меҳнат эмас. Ҳудуддаги фермер, деҳқон хўжаликлари, улар таркибидаги оилавий звенолар ва касаначилар учун “ғалвир сувдан кўтариладиган” палла. Куни кеча туман ҳокими Умиджон Барноев ҳам пилла қабул масканида бўлиб, биринчилар қаторида “кумуш тола” хирмонига ҳосил қўшаётган илғорларни қутлаб, меҳнаткашларга эсдалик совғаларини топширди.
Ана шундай меҳнаткаш оилавий звенолардан бирининг эгаси Аттарон маҳалласида яшовчи тажрибали пиллакор Қумри Ражабовадир. Жорий мавсумда бу хонадон аҳли 2 қути ипак қурти парваришлаб, бундан 150 килограмга етказиб “кумуш тола” етиштиришни мақсад қилишган. Ҳосил чўғини чамалаган меҳнаткаш оила аъзоларининг кайфиятлари аъло. Ҳадемай улар бир ойлик меҳнат маҳсули—12 миллион сўм атрофида даромад қилишга яқин туришибди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




