Қоракўл: Норматовлар уй хўжалигида қорамол сони 15 бошдан оширилди
2025-05-13 11:20:00 / Янгиликлар

— Мол боққан оила ҳеч қачон кам бўлмаган. Ёшлигимиздан чорвачиликка меҳримиз тушиб, уйда зотдор қорамол парваришига бор куч-ғайратимизни бермоқдамиз,—дейди Ҳамроқул Норматов.—Охирги 5 йилда бу ишга астойдил киришиб, қорамол сонини 15 бошга етказдик. Шулардан ярмини соғин сигирлар ташкил этмоқда. Айни пайтда уларни ҳар биридан кунига ўртача 10-12 литр сут соғиб олинмоқда. Сутни қишлоғимиздаги болалар боғчасига етказиб, қўшимча даромад орттираётган бўлсак, оғилхонамиздаги 20 бошдан зиёд наслдор қўйлар парваришини ҳам талаб даражасида олиб бориб, улар кунлик озуқа рационига қатьий амал қилмоқдамиз. Бу ишдан қўлга киритаётган йиллик соф даромадимиз эса 80-90 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Туманда чорвачилик тармоғини кенгайтириш, зотдор қорамол туёғини кўпайтириш ва маҳсулдорликни ошириш хусусида гап борганда, “Барҳаёт Муҳаммад Ражаб парранда”, “Йўлдош Зуҳро кўҳинур” каби фермер хўжаликлари фаолияти эътиборга лойиқ. Улар ҳар бирида ўтган йилларда хориждан, Болтиқбўйи республикаларидан 300 бошдан “angust”, “abrikos”, “smental”, “golshteyn” зотларига мансуб наслли қорамоллар сотиб олиб келтирилиб, ветеринария талаблари асосида боқилмоқда.
Шунингдек, пешқадам субъектлардан бири “Мegacluster” МЧЖда чорва моллари учун янгича усулда, яъни таркибида дағал хашак, беда, янтоқ, ширага кон чорва озуқаси, кунжара, уч хил турдаги дон маҳсулотлари, чигит шроти ва бошқа кўшимчалардан иборат, гранула кўринишидаги омухта ем ишлаб чиқариши йўлга қўйилгани ҳам ҳудудда фермер хўжаликлари билан бирга аҳоли хонадонларида чорвачилик тармоғини ривожлантириш имконини бермоқда.
Бугун ташаббус кўрсатиб, аниқ ҳисоб-китобларга таяниб иш бошлаш, балки айни хорижий тажриба асосида омилкорлик билан чора кўриш, маҳаллий шароитга мос чорва молларини танлаш, улар парваришини режа асосида олиб бориш тақозо қилинади. Зеро, чорвачилик, бўрдоқичилик йўналишларида аҳоли талабларидан келиб чиқиб, айнан даромадли тармоқ—гўшт ва сут маҳсулотлари етиштиришга қизиқиш кучаймоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







