Бухоро тумани: Наврўз маҳалласида “Соҳилбўйи” дам олиш маскани қурилмоқда
2025-05-12 10:45:00 / Янгиликлар

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 августдаги «Бухоро вилоятида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, хизмат кўрсатиш ва туризмни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-287-сонли қарорига асосан Бухоро туманидаги «Наврўз» маҳалласида ҳам 1 километр масофада «соҳилбўйи» дам олиш масканини барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Бунда аҳолининг бўш вақтини унумли ўтказиши, оила аъзолари билан келиб, мириқиб ҳордиқ олиши учун етарли шарт-шароит яратиш, салқин ичимликлар, умумий овқатланиш шахобчаларини қуриб фойдаланишга топшириш, шунингдек, бунда мавсумий катамаран ва бошқа қайиқлар хизматини жорий этиш кўзда тутилган.
Қувонарлиси, замонавий андозада қуриладиган мазкур соҳилбўйи дам олиш, кўнгилочар маскани қирқдан ортиқ тадбиркорлик субъектининг савдо ва хизмат кўрсатиш манзилига айланиши, меҳмонлар ва ҳатто, хорижий сайёҳларга савдо ва маиший хизмат кўрсатилиши баробарида, ҳудуд миқроиқлимини шакллантиришда ҳам ўз ўрнига эга бўлади. Албатта, соҳилбўйи тунги ёритиш чироқлари, тўлиғича ҳимоя тўсиғи, темир панжаралар билан ўраб олиниб, бунда пиёдалар йўлаклари ҳам барпо қилинади.
Лойиҳа доирасида кўчада ёритиш устунлари, ўриндиқлар ва чиқинди урналарини ўрнатиш, манзарали дарахт кўчатлари ўтқазиш, аудио мусиқа тизимини ташкил этиш, декоратив арка ва устунлар ўрнатиш, шунингдек, ҳудудда фотозоналар учун декоратив элементлар ташкил этиш, пиёдалар йўлаклари, вело-йўлаклар, йўл чеккасида ҳаракатланишга халал бермайдиган автотураргоҳ ва замонавий ўриндиқлар ўрнатиш, «Фоод трак»лар фаолиятини йўлга қўйиш, болалар ўйингоҳи ўрнатиш каби ишлар амалга оширилади. Шу кунларда эса ҳудудда пудратчи корхона ва тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилиш-бунёдкорлик ишлари давом эттирилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









