Шофиркон: ободонлаштириш бошқармасига янги махсус техникалар топширилди
2025-05-10 17:55:00 / Янгиликлар

Улар эрта тонгдан кўчаларни супуриб сидириш, йўл четларини тозалаш, анвойи гуллар экиш, дарахтларни суғориш, парваришлаш, йўлакларни тартибга келтириш ва яна шу каби ишлар билан банд бўладилар. Совуқни совуқ, иссиқни иссиқ демай, ҳар қайси маҳалла-қишлоқ ёки кўчага озодалик, файз олиб кирадиганлан ҳам улар. Айнан шундайлар меҳнати туфайли кейинги йилларда Шофиркон тумани ҳам янада ободонлашиб, кўркам қиёфа касб этмоқда.
Яқинда туман ободонлаштириш бошқармаси моддий-техник имкониятларини ошириш, ишчи-мутахассислар самарали ишлашлари учун янада қулай имконият яратиш мақсадида корхонанинг мавжуд 11 та махсус техникаси ёнига яна 4 та транспорт воситаси янгидан харид қилингани жамоани хурсанд қилди.
Туман мутасаддилари иштирокида мазкур техника воситалари ободонлаштириш бошқармасига тантанали равишда топширилди. Тадбирда таъкидланганидек, ободонлаштириш тармоғи зиммасига юкланган масъулият йилдан-йилга ортмоқда. Янгидан қабул қилинган транспорт воситалари эса айни пайтда туманда хизмат доирасидаги 1076 километр ички йўлни сақлаш ва таъмирлаш, 112 та қабристонни тоза ва талаб даражасида сақлаш, 23 километр узунликдаги пиёдалар йўлагини тартибга солиш, жами 2400 та бетон таянч устунидаги ёритиш тизимини барқарор ишлатишда жуда қўл келади.
Ободонлаштириш бошқармаси таркибида бугунга келиб 330 нафардан ортиқ ишчи-хизматчи фаолият юритмоқда.
Шулардан жумладан, 112 нафар қабристон қоровули, боғбон-кўкаламзорлаштириш ишчилари, қўлда тозаловчилар, электриклар ва тажрибали ҳайдовчилар жамоаси — барчаси биргаликда туманнинг тозалиги ва орасталигига масъулдирлар. Айни пайтда улар янги техникалар тақдимоти муносабати билан замонавий русумдаги “ISUZU NPR-75K” русумли телескопик автокўтаргичи, “ISUZU FVR 34-K”—комбинацияланган супириш, тозалаш ва сув сепиш машинаси, шунингдек, ички йўлларни текислашда асқотадиган автогрейдер, “ХД-83” русумли икки қалтакли йўл текислагич-катокни қабул қилиб олдилар.
Бундан ташқари, вилоят ҳокимлиги томонидан жамоага дарахтлар ва кўчатларда учрайдиган зараркунандаларга қарши биологик ишлов бериш-дорилашни амалга оширишда қўлланиладиган “Foton” русумли автомашинаси топширилди. Бу восита эндиликда экологик тозалик ва кўкаламзор ҳудудлар барқарорлигини таъминлашда муҳим воситадир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








