Қоракўл: Қўзибоевлар томорқасида эртанги ошқовоқ етилмоқда
2025-05-10 16:35:00 / Янгиликлар

Чекка туманнинг Полвонлар маҳалласида бугунга келиб 536 та хонадон, 725 та оила умргузаронлик қилаётган бўлиб, улардаги жами 3 мингдан ортиқ аҳолининг тирикчилик воситаси асосан дала-деҳқончилик ишлари ва чорвачилик ҳисобланади. Айни кунда маҳалла “еттилиги”дан иборат масъуллар ўрганишлари натижасида ижтимоий муҳофазага олинган оилалардан вақтинча ишсиз бўлган 266 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш, уларни ишга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, қўллаб-қувватлашга муҳтож бу тоифанинг 282 нафарини ўзини-ўзи банд қилишга, 144 нафарини мавсумий ишларга жалб қилишга кўмаклашилмоқда. Туман ҳокимининг маҳалладаги ёрдамчиси тавсияномаси асосида ўтган йил давомида бу ёшларнинг 252 нафарига қарийб 5 миллиард сўм миқдорида банк имтиёзли кредит маблағи ажратилиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун шарт-шароит яратилган.
Шунингдек, ҳудудда 12 та юридик мақомга эга кичик корхона, 16 та якка тартибдаги тижоратчи, яна қирққа яқин ташаббускор тадбиркор иш юритмоқда. Маҳаллада томорқа маданиятини ошириб, оиласига даромад келтираётган меҳнаткашлар қаторида Жамшид Қўзибоев оиласи бир неча йилдирки, томорқа ерида эртапишар ошқовоқ етиштириб, моддий манфаат кўрмоқда. Уста деҳқон бу йилги мавсумда ҳам эрта баҳор кунларидан ер тайёрлаб, эгат тортиб, плёнка остига қовоқ уруғини қадаб, парваришга киришганди. Бугунга келиб жўякларда палак ёзган ҳосил, ошқовоқ пишиб етилмоқда. 9 сотих ердаги ҳосил бозорга олиб чиқиб сотишга тайёр ҳолга келган.
—Эрта баҳорги ошқовоқнинг харидори чаққон бўлади. Биз ҳам ҳадемай, 2 тоннадан ошириб ошқовоқ маҳсулотини саранжомлаб олиш ҳаракатидамиз,—дейди томорқачи Жамшид Қўзибоев.—Аввало, қовоқ экинидан мўл ҳосилга етишиши учун юқори сифатли, тоза уруғни танлаш, экин ерини маҳаллий ўғитга тўйинтириш, парваришига эътибор қаратиш зарур. Бунда керак пайтда зараркунанда ҳашаротларга қарши биологик дорилашни ҳам амалга ошириб, кўпроқ суғориб кўзланган ҳосилни олиш мумкин. Ўсиш даврида биринчи ва иккинчи чопиқдан сўнг бир марта, сўнг ҳосил етилишигача ҳар 10–15 кунда суғориб турилади. Томорқамиздаги ҳар бир ошқовоқ ҳозирда 1,5-2,5 килограмдан “тош босаётгани” айни муддао. Бу мавсумда ошқовоқдан 12 миллион сўмдан ошириб даромад қилишни кўзлаганмиз.
Шубҳасиз, деҳқончиликда катта тажриба орттирган хонадонда олинаётган маҳсулот ҳам оила фаровонлигига хизмат қилмоқда. Ҳалол меҳнатдан келаётган даромад оила орзу-ҳаваси рўёбига, фарзандлар таълим-тарбиясига, рўзғор бадастирлигига сарфланмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




