Олот: томорқачиликда Ҳайитгул Саидова кўпларга ўрнак бўлмоқда
2025-05-10 16:30:00 / Янгиликлар

Шу маҳаллада умргузаронлик қилаётган Ҳайитгул Саидованинг ҳам томорқа еридан унумли фойдаланиб, қишлоқдошларига намуна бўлаётгани эътирофга лойиқ. Хонадон бекаси беш фарзандни вояга етказаётган меҳрибон она. Тайинки, серфарзанд оилада мавжуд имкониятдан самарали фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда. Аввало, томорқа бу оила рўзғори кундалик эҳтиёжларини қондиришда жуда асқотмоқда.
Хонадон миришкорлари мавжуд 25 сотихдан иборат ҳовли-жойнинг 10 сотихли экин ерини яшнатиш билан бирга, ундаги қўшимча имконият сифатида балиқчиликни йўлга қўйиб, товуқ, қорамол, қўй-эчки боқиш баробарида ҳар йилги анъанага мувофиқ, ипак қурти ҳам парваришлашни канда қилишмайди. Бултур Саидовалар оила аъзолари 2 қути ипак қуртидан 150 килограмга етказиб “кумуш тола” етиштириб, қўшимча даромадга эришган бўлсалар, бу йил ҳам худди шунча ипак қурти боқиб, баракали пилла етиштириб, 15 миллион сўмдан зиёд моддий манфаатни қўлга киритиш ҳаракатидалар.
—Ўтган йили ҳовузимизга чавоқ ташлаб, етиштирган ўртача 1,3 тоннага яқин “луқмаи ҳалол”дан 30 миллион сўмдан ортиқ даромад олганмиз,—дейди Ҳайитгул Саидова.—Шунингдек, балиқ боқилаётган ҳовуз ёнидан товуқхона қуриб, ҳозирда ундаги парранда сонини 100 бошга етказишга яқинмиз. Ҳар куни неварам билан бирга бу товуқ катагидан 60 тадан кўпроқ тухум оламиз. Бундан қўни-қўшнига ҳам сотиб, қўшимча даромадга эга бўлмоқдамиз.
Шу тариқа, ҳалол пешона тери ортидан бир оила дастурхони балиқ, тухум, парҳезбоп гўшт, қолаверса, сут, сариёққа, бошқача айтганда, табиий тоза экологик оқсилга қондирилмоқда. Ҳайитгул Саидова хонадонида товуслар ҳам боқишни бошлаганига анча бўлган. Бу нафақат кўзни қувонтирадиган гўзаллик, балки болалар учун табиатга муҳаббат уйғотувчи муҳим восита ҳамдир.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









