Ромитан: “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида “Муғонча” ва “Дейча”да биттадан суғориш қудуғи ишга туширилиб, қарийб 6 км узунликдаги канал қисми таъмирдан чиқарилди
2025-05-07 19:15:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарорига мувофиқ Бухоро вилоятидаги оғир аҳволда бўлган 55 та маҳалланинг инфратузилмасини яхшилаш мақсадлари учун маблағ ажратилган. Вилоят ҳокимлиги томонидан ушбу маблағлар ҳисобидан 39 та маҳалланинг таъмирталаб бўлган ички хўжалик йўлларини таъмирлаш, 49 та маҳалланинг суғориш тармоқларини реконструкция қилиш ҳамда 48 та маҳалланинг электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича манзилли дастурлар ишлаб чиқилган.
Юқоридаги қарор асосида вилоятнинг 49 та маҳалласида томорқа ерларини суғоришни яхшилаш лойиҳалари ишлаб чиқилган бўлиб, бу мақсадлар учун умумий қиймати 89 миллиард 827 миллион сўм маблағ ажратилган. Жумладан, мазкур 49 та лойиҳа таркибида умумий узунлиги 101,5 километр суғориш тармоқларини бетонлаштириш, 30 та суғориш тик қудуғи ва 11 та насос станциясини қуриш ишлари кўзда тутилган. Шундан, 42 та маҳаллада 101,5 километр масофадаги суғориш тармоғини бетонлаштириш, 22 та маҳаллада 30 та суғориш қудуғи қуриш, 8 та маҳалла ариқ-зовурларида 11 та насос станциясини ўрнатиб, ишга тушириш ишларига ўтган йили сўнгги чорагидан киришилган.
Бу борада бугунга келиб “Бухоросувқурилишинвест” давлат муассасаси томонидан дастурга киритилган 49 та объектдан 44 тасида қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ бажарилиб, фойдаланишга топшириш далолатномалари расмийлаштирилган. Қолган 5 та иншоотда белгиланган ишларни сифатли якунлаш жараёни бормоқда. Вилоят миқёсида ҳозиргача 99,4 километр узунликдаги канал бетонлаштирилиб, 30 та тик суғориш қудуғи, 11 та насос агрегати ўрнатиб ишга туширилган.
Куни кеча вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Амрилло Назаров бошчилигидаги ишчи гуруҳи ўзига бириктирилган Ромитан туманида бўлиб, юқоридаги қарор ва бу борада ҳудудда танланган маҳаллаларда рўёбга чиқарилиши зарур бўлган лойиҳалар ижросини ўрганди.
Айни пайтда тумандаги “Муғонча”, “Дейча”, “Пойжўй”, “Марзия”, “Ҳофизработ” маҳаллаларида аҳоли томорқа ерларини суғориш тармоғини яхшилаш, қудуқ ва насос агрегатларини қуриш ва реконструкция қилиш мақсадлари учун қиймати 11 миллиард 745 миллион сўм маблағ ажратилган. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида тумандаги мазкур оғир тоифадаги маҳаллаларда, чунончи, Муғонча ва Дейчада 1 тадан суғориш қудуғи ишга туширилиб, 5380 метр канал қисми таъмирдан чиқарилган. Муғонча маҳалласида 2 та, Дейчада эса 1 та насос агрегати ўрнатилиб, ишга туширилган.
Худди шундай, Пойжўй маҳалласи сув тармоғининг 7270 метр қисми, Марзия маҳалласида 4 минг метр, Ҳофизработда эса ариқнинг 1,6 метри тозаланиб, таъмирдан чиқарилган. Бу каби ишларда масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Ирригация-мелиорация барака”, “Наврўз Акмал строй”, “Вобкент олмос” каби механизациялашган пудратчи корхоналар ишчи-мутахассислари алоҳида жонбозлик кўрсатишди.
Муҳокамада қатнашган мазкур 5 та маҳалла масъулларидан иборат “еттилик” вакиллари зиммасидаги вазифалар ижроси, чунончи, аҳоли томорқаларини обод қилиб, сабзавот-полиз маҳсулотлари экилиши, ижтимоий муҳофазага олинган оилаларга даромад манбаини яратиш, шунингдек, ҳудуддаги сув йўли-ариқларни тозалаш, таъмирталаб йўл ва кўчаларни тартибга солиш, оғир участкаларни электрлаштириб, тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш, ҳовли-жойларни рисоладагидек кўринишга келтириш каби ишларга эътибор қаратилди.
Ҳозирга қадар мазкур 5 та маҳаллада яшовчи аҳолининг электр таъминотини яхшилаш мақсадида амалда 9 та трансформатор пунктидан 2 таси ўрнатилган. Тармоқда 15 минг метр “СИП” кабелидан 3,5 минг метри тортилган, 387 та бетон таянч устунидан 73 таси ўрнатилган. Умуман, бу борада белгиланган ишнинг учдан бир қисми бажарилган. Аммо муҳокамада таъкидланганидек, бу билан хотиржамликка берилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, кенг қамровда бошланган ишларни тўла-тўкис сифатли якунлаш тақозо қилинади. Шу боис, вилоят ҳокимининг ўринбосари томонидан туманда масъул-мутасаддилар зиммасига аниқ вазифалар юкланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









