Пойтахтдаги Миллий матбуот марказида бухоролик ижодкорнинг “Унутилган ашула” китоби тақдимот қилинди
2025-05-06 19:00:00 / Янгиликлар

Бу ўринда гап Тошкент шаҳридаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон журналистлар уюшмаси билан ҳамкорликда “Қанот” лойиҳаси доирасида ташкил қилинган бухоролик ёш ёзувчи ва журналист Обид Қўлдошнинг “Унутилган ашула” китоби тақдимоти хусусида бормоқда.
Айни баҳор 40 ёшни қаршилаётган истеъдолли журналист турли йилларда “Жондор овози”, “Бухоро оқшоми” газеталарида мухбир, “Маънавият сарчашмаси”, “Эзгулик” газеталарида муҳаррир бўлиб ишлаган. Сўнгги йилларда республика ва маҳаллий нашрларда ўзининг фаол ижодий чиқишлари билан ўқувчилар эътиборига тушган ёш иқтидор эгаси Журналистлар уюшмасининг Бухоро вилояти бўлими мутахассиси сифатида меҳнат қилиб, ўз касбий маҳоратини муттасил ошириб бормоқда.
Бадиий ижодга ошуфталикнинг кўп йиллик маҳсули сифатида Обид Қўлдошнинг ҳозирга қадар “Хаёлимни ўғирлаган қиз”, “Моҳиятга сайр”, “Forggeton song” (инглиз тилида) сингари китоблари нашр этилган. Ҳикоялари турк, озар, қирғиз, инглиз ва рус тилларига таржима қилинган. У Ўзбекистон баҳори республика фестивали (2019) наср йўналиши ғолиби ҳамдир.
“Унутилган ашула” китоби тақдимотига қайтсак, тадбирни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов олиб бориб, сўнгги йилларда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, ижод муҳитини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Жумладан, у мазкур китоб мазмун-моҳиятига доир ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
—Бу каби янги лойиҳалар тарғиботи орқали икки мақсад-муддаони кўзлаганмиз,—деди Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Холмурод Салимов.—Биринчидан, Журналистлар уюшмасининг республикамиз барча ҳудудларида фаолият кўрсатаётган аъзолари ижодини ички ресурсларимиз ва ҳомийларни жалб этган ҳолда муносиб рағбатлантиришга катта эътибор ва кўмакни тизимли асосда кучайтирмоқдамиз.
Иккинчидан, айни кунда Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш, уларни илм олишга чорлаш, тафаккур олами ва дунёқарашини юксалтириш йўлидаги кенг кўламли маънавий-маърифий тарғибот ишларига муносиб ҳисса қўшиш мақсад қилинган.
Тадбирда юртимизнинг истеъдодли шоир ва ёзувчилари, таниқли журналистлар Шуҳрат Жабборов, Амирқул Карим, Муҳаббат Юлдашева, Зикрилла Неъмат, Дилшод Ражаб, Насрулло Эргаш, Илёс Эшмуродов, Рухсора Нурлар сўзга чиқишиб, янги чоп этилган китобнинг аҳамияти, мазмун-мундарижаси, муаллифнинг самарали ижод ва ҳаёт йўли, фазилатлари ҳақида батафсил фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.
Тадбир якунида “Қанот” лойиҳаси доирасида Обид Қўлдош ижоди бўйича ўтказилган, республикамизнинг барча ҳудудларидан 160 нафарга яқин иштирокчи қатнашган танловнинг ғолиб ва совриндорлари тақдирландилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







