Ботир Зарипов яна бешта давлат элчилари билан учрашди
2025-05-06 14:00:00 / Янгиликлар
Мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланиши кўп жиҳатдан фаол инвестиция сиёсатига боғлиқ. Шу асосда давлатимизнинг рақобатбардошлиги ва энг асосийси, аҳоли фаровонлиги тубдан ошади, янги корхона ва тармоқлар, янги иш ўринлари яратилади. Бу ўз навбатида дипломатик муассасалар фаолиятини ривожлантиришни талаб этади. Аниқроғи, мамлакатимиз саноати ва инфратузилмаларини модернизация қилиш ва ривожлантириш учун хорижий инвестициялар, илғор замонавий технологиялар ва илм-фан ютуқларини фаол жалб этиш зарур.

Бугун вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг Ўзбекистоннинг Украинадаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Қурманов, Ўзбекистоннинг Афғонистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Усмонов, Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов, Ўзбекистоннинг Мисрдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Мансур Қиличев, Ўзбекистоннинг Покистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Тўхтаев билан учрашувида элчилар мансуб давлатдар ва Бухоро вилояти ўртасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, айниқса, инвестицияларни жалб қилиш, инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Бухоронинг инвестицион салоҳияти, ушбу давлатлар инвесторларини жалб қилган ҳолда амалга ошириш имконияти мавжуд соҳа ва тармоқлар, лойиҳалар кўриб чиқилди.
Хусусан, Бухоро вилоятидаги эркин иқтисодий зоналарда илғор компанияларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш, Бухородан қишлоқ хўжалиги, қурилиш, тўқимачилик маҳсулотлари экспортини амалга ошириш, туризмни фаоллаштириш, фармацевтика, транспорт логистикаси, кимё саноати, тиббиёт ва таълим йўналишларида ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, томонлараро ташрифлар ва бизнес форумларни ташкиллаштириш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан келишиб олинди.
Элчилар бугун вилоятнинг саноат салоҳияти билан яқиндан танишишади, шаҳар ва туманларида амалга оширилаётган амалий ишлар натижаларини бориб кўришади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







