Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди
2025-05-06 13:35:00 / Янгиликлар
Бугун, 6 май куни Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Сессия ишида вилоят ҳокими Ботир Зарипов, вилоят бошқармалари, ташкилотлари ва муассасалари раҳбарлари, сиёсий партиялар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, жамоат ташкилотлари, вилоят ҳокимлиги бўлинмалари масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Шунингдек, ҳудудий студиялардан ҳам тегишли масъуллар видеоконфренсалоқа орқали сессия ишини кузатиб боришди.

Сессияда дастлаб вилоятдаги мактабгача ва мактаб таълими муассасалари фаолияти, болаларни соғлом овқатлантириш ва ўқувчиларга берилаётган таълим сифатини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганиш якунлари кўриб чиқилди. Бунда мазкур йўналишда олиб борилган ишларни ўрганиш натижалари юзасидан Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссия раиси, ишчи гуруҳи раҳбари Исматилло Исматовнинг ахбороти эшитилди. Сўнгра мазкур масала юзасидан мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамза Эллиев ҳисобот берди.
Кун тартибидаги навбатдаги масала — вилоятда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида вилоят ҳокимининг ўринбосари -оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳафиза Артикова ҳисобот берди.
Шундан сўнг депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонасининг 2025 йилнинг биринчи чорагида вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари фаолияти ҳамда мурожаатлар билан ишлаш ҳолати тўғрисидаги ахбороти ҳақидаги масалани кўриб чиқдилар. Мазкур масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Холмурод Баҳроновнинг ахбороти тингланди.
Шунингдек, сессия ишида «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги, «Вилоят маҳаллий бюджетининг 2025 йил биринчи чорак даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан маблағ йўналтириш тўғрисида»ги ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгаши ваколатига кирувчи бошқа масалалар кўриб чиқилди. Бу борада депутатларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари эшитилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






