Ромитанда 4 минг 368 қути ипак қурти парваришланиб, 270 тонна миқдорида “кумуш тола” етиштириш мақсад қилинган
2025-05-05 20:35:00 / Янгиликлар

— Кўз илғамас майдагина қуртнинг ривожланиб, оппоқ ва сифатли пилла ўрагунича бўлган даврда мунтазам озуқа етказиб парваришлаш масъулиятли иш ҳисобланади,—дейди масъулияти чекланган жамияти шаклидаги "Ромстар" қўшма корхонаси раҳбари Қўшши Каттаев.—Шу боис, тумандаги тут плантацияларини реконструкция қилиш, янги кўчатлар экиш ва тутзорлар барпо этиш эътибор марказида.
Ҳозирги кунда туманда саноат учун қимматбаҳо хом ашё етиштириш учун жами 331 гектар тутзор талаб даражасида парваришланаётган бўлиб, пиллакор оилавий звеноларига тақсимланган. Буюртмачи сифатида ҳудудда "Ромстар" қўшма корхонаси балансига ўтказилган тутзорларни кенгайтиришга эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда бу борада 240 гектар ер майдони реконструкция қилиниб, қишки мавсумда 1 миллион 200 минг туп тут кўчати ўтқазиш ишларига киришилган.
Пилла мавсуми пухта тайёргарлик билан бошланган кундан тумандаги 9 та ҳудудда ипак қурти уруғларини жонлантириш учун 6 та инкубаторийда ишчи-мутахассислар кучидан фойдаланилди. Йилнинг илк ҳосили учун ҳаракатни бошлаб юборган фермер хўжалиги ва оилавий звенолари меҳнати самарали бўлиши учун тизимли равишда рағбатлантирилмоқда. Қолаверса, шу кунларда "Ромстар" ипакчилик корхонаси томонидан касаначилар учун ҳар бир хонадонга сунъий дасталар тарқатилмоқда.
Аттарон маҳалласида яшовчи тажрибали пиллакор Қумри Ражабова хонадони ҳам жорий мавсумда 2 қути ипак қурти парваришлаб, бундан 140 килограмм “кумуш тола” етиштиришни мақсад қилган. Оила аъзолари бир ойлик меҳнатдан сўнг 12 миллион сўм атрофида даромад қилишни кўзлашган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати



