Когон: Нурафшон ва Геофизика маҳаллаларида 1,5 километр йўл асфальтлаштирилди
2025-05-03 17:25:00 / Янгиликлар

Йўлсозликда пудратчи субъектлардан бири "AMIRBEK GOLD WAY SERVICE" МЧЖ ўтган йили таъмирталаб аҳволга келгани боис “Азизобод — Когон” автомобил йўлининг 26-46-километрлари оралиғини сақлаш ва таъмирлаш ишларини тендер танлови орқали ўз зиммасига олган. Когон туманининг мазкур “4Р-65” ва “4Р-63” русумли автомобил йўлини талаб даражасида таъмирлаш ишларига буюртмачи сифатида “Йўл-лойиҳа бюроси” МЧЖ лойиҳасига мувофиқ, умумий қиймати 1 миллиард 511 миллион сўм маблағ ажратилган.
Шу тариқа қайта таъмирланган бу йўлда бугунга келиб автомашина ва йўловчиларнинг хавфсиз ҳаракатланиши таъминланмоқда. Худди шундай, “4Р-65" ва “4Р-63” русумли “Азизобод- Когон" автомобил йўлининг 1 километр қисмида 6 сантиметр қалинликдаги асфальт-бетон қопламасини ётқизиш ишлари тўла-тўкис бажарилгани бу йўлдан манзили сари қатновчи ҳайдовчи ва пиёдалар учун қулайлик бўлди.
Бу ўринда гап темирйўлчилар туманида йўл таъмири хусусида бораркан, сўнгги ойларда жумладан, “Нурафшон” МФЙ Чуқуркўл қишлоғидан ўтувчи "80 V 128" йўлининг 860 метр қисми ҳамда “Геофизика” МФЙ Зарафшон кўчасидан ўтувчи “80 V 177” русумли йўлнинг 650 метр қисми туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ишчи-мутахассислари томонидан асфальтлаштирилгани бу борада аҳоли мурожаатларининг ечими бўлди.
Туманнинг бошқа бир манзили "Ўзбекистон" ҳамда "Янги ҳаёт" маҳаллалари аҳолиси талаб ва мурожаатларидан сўнг ҳудуддаги ички йўлнинг жами 2 километр қисми туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ишчи-мутахассислари томонидан асфальтлаштирилган. Шу билан бирга, "Хўжа якшаба" маҳалласида ҳам аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ички йўлнинг 900 метр қисмида шағаллаштириш ишлари олиб борилгани кўпларни мамнун қилди. Албатта, бу каби эътибор ҳудудларни ободонлаштириш, йўловчи ва ҳайдовчиларга бирдек қулайлик яратиш, одамларнинг мушкулини осон, турмуш даражасини янада фаровон бўлишига хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









