Жондор туманидаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари ОАВ вакиллари нигоҳида
2025-05-03 16:10:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 31 май – 1 июнь кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ва кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишнинг 27-сон баёнига мувофиқ, Жондор тумани ҳудудидан ўтувчи Зарафшон дарёсида «Соҳил бўйи» лойиҳаси барпо қилинмоқда. Иншоотда айни кунда «Қоракўлмахсуссувпудрат» МЧЖ томонидан бетонлаштириш ишлари якунланган бўлиб, каналнинг икки қирғоғида жами 550 туп манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилган. Ҳозирда соҳилбўйи объектлари қурилиши учун танланган ярим гектардан иборат ер майдонини аукцион савдоларига чиқариш учун мутасадди ташкилотларнинг келишув хулосасини олиш ишлари олиб борилмоқда.
Кейинги манзил қайта таъмирланаётган туман марказий стадиони бўлиб, у ерда амалга оширилаётган ишлар журналистларни ҳам бефарқ қолдирмади. Мазкур лойиҳа Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг тегишли қарорига асосан амалга оширилиб, стадионни таъмирлаш учун 500 миллион сўм маблағ ажратилган. Пудратчи ташкилот томонидан бунда белгиланган ишлар якуний босқичга кирган.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 24 декабрдаги “2025–2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-454-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Жондор туманининг “Кўлиён” МФЙ даги 15-сонли мактабгача таълим ташкилотини янгидан қуриш учун умумий қиймати 3 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратилган. Айни дамда бу ерда пудратчи субъект бинокорлари томонидан муассаса пойдеворини қуйиш ишлари давом эттирилмоқда.
Худди шундай, айни кунга келиб туманнинг "Далмунобод" МФЙ даги 38-сонли умумтаълим мактабини кенгайтириб, замонавий андозада қайта қуриш учун 5 миллиард сўм маблағ ажратилгани, бунда сўнгги пардозлаш ишлари билан бирга баркамол авлод вакилларининг жисмонан чиниқиб вояга етишлари учун 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ ўзлаштирилгани ҳолда талаб даражасидаги спорт зали қурилаётган қувонарли, абатта. Шунингдек, ҳудудда “Очиқ бюджет” дастури орқали моддий қиймати 1 миллиард 360 миллион сўм маблағ эвазига 150 ўринли ошхона биноси барпо қилинаётгани мақсадга мувофиқ.
“Жондор” маҳалла фуқаролар йиғини Манқуфи қишлоғида янгидан ташкил этилаётган “Жондор боғи” ҳам оммавий ахборот воситалари ходимлари эътиборидан четда қолмади. Бугунга келиб бу боғда 9 турдаги, жами 5000 тупдан иборат манзарали дарахт кўчатлари, турфа гуллар ўтқазилиб парваришланмоқда.
Бундан ташқари, аҳолининг турар жойга бўлган талаб ва эҳтиёжини қондириш мақсадида биргина 2024 йилда 3 та 5 қаватли, жами 100 та оилани ўз бағрига олаётган замонавий турар жой иншоотлари қуриб, фойдаланишга топширилаётгани, бу ишларда “Сардорбек Шаҳзод”, “БСК сервис” каби пудратчи МЧЖ лар бинокорлари ҳиссаси қўшилаётгани ҳақида медиатур иштирокчилари мазкур маҳаллада бўлишиб, батафсил маълумотни олдилар.
Умуман, 2024-2025 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастури асосида туманда 4 та умумтаълим мактаби, 1 та мактабгача таълим муассасаси ва 2 та тиббиёт муассассаси, Маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш манзилли дастурига асосан 2 та умумтаълим даргоҳида, “Ташаббусли бюджет” жараёнининг дастлабки босқичи бўйича 6 та умумтаълим мактабида, қолаверса, туман марказий поликлиникасини реконструкция қилиш орқали янги бино-иншоотлар барпо этиш, таъмирталаб биноларни мукаммал таъмирлаш ишлари кенг кўламда адо қилинмоқда. Қурилиш-таъмирлаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ишлари доирасида бинолар деворлари базальт тўшама билан қопланмоқда.
Медиа турда ОАВ вакиллари бир неча манзилда бўлишиб, туман мутасадди ташкилотлари раҳбарлари билан мулоқот қилишиб, ўзларини қизиқтирган қатор саволларга жавоб олдилар.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








