Когон: сиёзпоёнлик Азимовалар хонадони 5 қути ипак қурти парваришламоқда
2025-05-03 14:35:00 / Янгиликлар

Жорий йилда 193 тоннадан ошириб пилла хирмонини яратиш мақсадида темирйўлчилар туманининг 7 та ҳудудидаги 12 та инкубаторияда Хитой навига мансуб 3222 қути ипак курти уруғи жонлантирилиб, ҳудуддаги 2296 та оилавий звено ҳамда ўндан ортиқ фермер хўжалигига тарқатилган. Касаначилар ҳисобидан ипак қурти парваришига қарийб 6 минг нафарга яқин хотин-қиз, эҳтиёжманд оила вакиллари жалб қилинган.
Қишлоқ хўжалигида йилнинг дастлабки муваффақиятига эришишда айниқса Сиёзпоён, Хўжа якшаба, Янги ҳаёт, Ниёзҳожи, Когон ҳудудларидаги оилавий звенолар пешқадамлик қилмоқдалар. Ҳар қути ипак қуртидан мўлжалдагидан ошириб, 80 килограмга етказиб пилла олаётган тажрибали касаначи ва оилавий звенолар ҳам талайгина бўлиб, меҳнатларига яраша рағбатлантирилмоқда.
Айни кунда биргина “Сиёзпоён” МФЙ да 377 та оилавий звено шакллантирилган бўлиб, маҳаллий пиллакорлар томонидан бу йилги пилла мавсумида умумий 41 тоннага етказиб “кумуш тола” хирмони бунёд этиш ҳаракатига киришилган. Вилоят ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳафиза Артикова Сиёзпоён маҳалласидаги оилавий пилла звеноларида бўлиб, ипак қуртини боқиш жараёни, чеварлар ишини енгиллаштириш, улар моддий манфаатдорлигини оширишда қилинаётган ишлар билан танишди.
Жумладан, меҳнаткаш оилалардан бири Лобар Азимова бошчилигидаги заршунослар анча йиллардан бери пилла етиштириб келишади. Бу йил улар 5 қути ипак қурти олиб парваришламоқдалар. Аёл билан биргаликда яна 4 нафар оила аъзоси бандлиги таъминланган бўлиб, улар катта хирмонга 350 килограмга етказиб “кумуш тола” топшириш мақсадида қаттиқ ишламоқдалар. Бундан эришиладиган даромад салмоғи эса қарийб 60 миллион сўмни ташкил этади.
Сара ва сифатли “кумуш тола” етиштиришда ўзига хос тажрибага эга Когон туманида ҳам жорий йил мавсумида буюртмачи “Кумушкент ипаги” МЧЖ саъй-ҳаракати билан ҳар қутидан олинаётган ҳосил салмоғи ўртача 65 килограмга етказилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








