Шофиркон: дўрманлик Шаходат Тўраева икки қути ипак қуртидан 18 миллион сўм даромадни кўзламоқда
2025-05-01 21:30:00 / Янгиликлар

Миришкор хонадон соҳибаси дала-деҳқончилик ишлари, айниқса, пилла етиштиришда 30 йиллик тажрибага эга фидойилардан. Умрини баркамол авлод таълим-тарбиясига бағишлаган устоз педагог сифатида ҳамиша қишлоқдошлари иззат-ҳурматида бўлган аёлнинг пиллачиликдаги иш тажрибаси ҳам кўпларга ибратдир.
Айни кунда Шаҳодат Тўраева умр йўлдоши, фарзандлари ва набиралари билан бирга оила тинчлиги, фаровонлиги йўлида меҳнат қилмоқда. Сўнгги йилларда ипак қуртидан баракали ҳосил етиштириб, бу қийин тармоқда ҳам муносиб натижаларга эришаётган миришкор аёл хонадонида куни кеча вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Ҳафиза Артикова ҳам меҳмон бўлиб, пиллакорликдаги иш услуби билан танишди.
—Ҳалол меҳнат зое кетмас деганларидек, ўтган йилги мавсумда икки қути ипак қурти боқиб, 150 килограммдан орттириб пилла етиштиргандик,—дейди Шаҳодат Тўраева.—Бунинг эвазига 18 миллион сўмдан ортиқ соф даромад олганмиз. Бу йил ҳам худди шунча қути кирмак парваришлаб, ҳосилни 200 килограмга етказиш ташвишида ҳаракат қилаяпмиз. Эришаётган даромадимиз албатта, меҳнатдан топаётган баракамиздан.
Дарҳақиқат, ўқитувчи шарафи билан бирга маҳаллада пиллакорликдек заҳматли ишни амалда уйғунлаштириб, икки жабҳада самарали натижага эришаётган бундай аёллар жамиятимиз таянчи, оила мустаҳкамлигининг муҳим омилларидандир.
Умуман, ўтган йилнинг баҳорги мавсумида Шофиркон туманидаги 14 та инкубаторияда 3898 қути ипак қурти жонлантирилиб, бундан 251 тоннага етказиб «кумуш тола» хирмонини бунёд этиш ҳаракати жиддий олиб борилган. Пиллакорлар учун аввало озуқа таъминоти базасини мустаҳкамлашга эътибор қаратилган ҳолда мавсум олдидан ҳудуддаги 350 гектардан ошиқ тутзор пиллакор хўжаликларга тақсимлаб берилгани муҳим манба бўлган.
Туманда буюртмачи "Ғиждувон ипак тола" МЧЖ томонидан 158 та фермер хўжалиги ва жами 1732 та касаначи оилавий звенога ипак қурти тарқатиб берилган бўлиб, аксарият хўжаликларда ипак қурти агротехник талаблар асосида парваришланган. Ҳар қути ипак қурти учун оилавий звено ва касаначига олдиндан 500 минг сўмдан рағбат пули тарқатилгани, қолаверса, «Саврак» пилла қабул қилиш масканида режадан орттириб топширилган ҳар килограм пилла учун тарози бошида 50 минг сўмдан мукофот пули берилгани пилла етиштиришга бўлган рағбат-қизиқишни оширган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









