Вобкент: Қўчқоровлар оиласи ошқовоқ ҳосилидан 4 тонналик хирмонни кўзламоқда
2025-04-30 09:45:00 / Янгиликлар

Биргина «Шоҳнигор» МФЙ ни олсак, туман марказидан 13 километр узоқликдаги маҳаллада бугунга келиб жами 1007 та аҳоли хонадони, 607 та оила ва уларда жами 4 минг 700 дан ортиқ аҳоли умргузаронлик қилмоқда. Дала-деҳқончилик ишларида, томорқа меҳнатида ҳам миришкор бўлган шоҳнигорликлар хонадони ва улар ихтиёридаги жами 87 гектардан иборат томорқа ери, қолаверса, унда барпо қилинган иссиқхона хўжаликларида исталган фасл ёки мавсумда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, сабзавот-полиз ҳосили етиштирилаётганини кўриш мумкин.
Бундаги қарийб 8 гектардан иборат иссиқхона хўжаликларида, очиқ майдонда «дуга»ли сим тортиб, плёнка остида картошка, сабзи, помидор, бодринг, кўкатлардан тортиб, сабзи, бақлажон ва бошқа маҳсулотларгача пешма-пеш етиштирилиб, рўзғор эҳтиёжи учун жамғарилмоқда. Аксарияти 2-4 сотихдан иссиқхонасига эга қишлоқ хонадонларида эрта баҳордан қўни-қўшни томорқаси учун помидор, булғор қалампири, бақлажон ва бошқа экинлар кўчатларини ҳам етиштириш одатга айланган.
Шоҳнигор қишлоғи аҳолиси, айниқса, пиёз, сабзи, шолғом, саримсоқпиёз, қолаверса, гилос етиштириш ҳадисини олган. Бу ихтисослашув аҳолининг томорқага бўлган қизиқишини оширмоқда. Ҳудудда намунали томорқачилардан бири Шавкат Қўчқоров яшаётган ҳовлисининг 15 сотихдан иборат экин майдонидан ҳар йили баракали ҳосил етиштириб, рўзғор эҳтиёжларини бемалол қоплаб келади. Унинг каттагина қисмида ҳар йили ошқовоқ экиб етиштириш канда бўлмайди. Шу кунларда Ҳозир баравж бўй кўрсатиб қолган пайкалдан кўз қувнайди.
—Бу йил ошқовоқ ҳосили кутилганидан баракали бўлди. Оила аъзоларимиз билан биргаликда ҳозирда ярим томорқа ерида етиштираётган ошқовоқдан 4 тоннага етказиб ҳосил кўтаришни кўзлаганмиз,—дейди хонадон соҳиби Шавкат Қўчқоров.—Экин еримизнинг қолган 3 сотих қисмида саримсоқпиёз, помидор ва бодринг экиб етиштирмоқдамиз. Қолаверса, ернинг яна бир қисмида картошка экилган. Ярим тоннага яқин саримсоқпиёз, яна шунча картошка ва бошқа сабзавот ҳосилидан жамғариб олсак, бу маҳсулотларни бозордан сотиб олишга ҳожат қолмайди. Бир сўз билан айтганда, мана шу томорқамиздан йилига 2-3 марта баракали ҳосил олиб, моддий манфаат топаяпмиз. Фарзандларимиз ҳам ёшлигидан меҳнатга ўрганиб бораётгани яхши, албатта.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









