Вилоят ҳокимининг ўринбосари пиллакорлар билан мулоқотда бўлди
2025-04-28 17:40:00 / Янгиликлар

Пилла ҳосилини етиштиришнинг ўзи бир машаққат, шундай бўлсада бугун туманда ипак қурти парвариши қизғин давом эттирилмоқда. "Навбаҳор" маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган пилла қабул қилиш пункти ва бошқа ҳудудлардаги инкубаторияларда жонлантирилган ипак қурти уруғи 500 минг сўмдан аванс-рағбат пули билан маҳаллалар бўйлаб оилавий звенолар, касаначиларга тарқатилган.
Эътиборлиси шундаки, пилла боқувчилар, касаначиларга режадан ортиқ топширган ҳар килограм пилла ҳосили учун тарози бошида 50 минг сўмдан нақд пул маблағи мукофот тарзида берилиши анъанага айланган.
Куни кеча вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Ҳафиза Артикова Ромитан туманида, “Қаҳрамон” МФЙда бўлиб, пиллакорлар фаолияти, оилавий звеноларда бораётган ишлар билан яқиндан танишди.
Жорий йилги мавсумда туман пиллакорлари 4 минг 153 қути ипак қуртидан 252 тонна юқори сифатли саноат хом ашёсини етиштиришга аҳд қилганлар. Жумладан, “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғини "кумуш тола" етиштирувчилари ҳам жорий йилда 3,5 тонналик пилла хирмони яратишга бел боғлашган. Айни пайтда қаҳрамонликлардан 36 та хонадонда ипак қурти парваришланмоқда. Тармоқ ривожида юқори ҳосилдорликка эришиш ва сифатли пилла хом ашёси етиштириш мақсадида ҳудудга тажрибали мутахассислар жалб қилинган.
Жумладан, пилла етиштиришнинг хитойча агротехнологияси, иш услуби бўйича "Ромстар" МЧЖ мутахассиси Дилфуза Жўраева ҳам қаҳрамонлик каксаначилар, оилавий звеноларда бўлиб, уларга керакли йўл-йўриқ бериб келади. Бу борада миришкор касаначи, оилавий звено соҳибаларидан бири шу маҳаллада яшовчи пиллакор Мавлуда Намозова ҳам мана, ўттиз йилдан ошибдики, баракали ипак қурти етиштириб келади. Шу кеча-кундузда у оила аъзолари билан бирга 3,5 қути ипак қурти боқмоқда. Бу мавсумдаги хирмон салмоғи эса 250 килограмни ташкил этмоқда.
Туманда “Ромстар” пиллани қайта ишлаш корхонаси 2004 йилда иш бошлаган бўлиб, бу ерда вилоятдаги Қоракўл, Олот, Жондор, Ромитан туманларидан жами 18 мингдан ошиқ касаначи, оилавий звеноларда етиштирилган пилла ҳосили қабул қилиниб, ипак калавага айлантирилади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








