Вилоят ҳокимининг ўринбосари «қизил» тоифадаги маҳалла ва улардаги эҳтиёжманд ёшлар билан учрашди, олтита мурожаат жойида ҳал этилди
2025-04-28 11:55:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими топшириғига асосан, ҳар бир раҳбар ўзига бириктирилган ҳудуддаги маҳаллага бориб ёшлар билан, айниқса, «қизил» тоифадаги маҳалла ва улардаги эҳтиёжманд ёшлар билан учрашиб, уларнинг ташвиш-муаммоларини бартараф этиш, яқиндан кўмаклашиши мақсад қилинган.
Шу нуқтаи назардан, вилоят ҳокимининг ўринбосари Амрилло Назаров Ромитан туманидаги Пойжуй ва Қоқиштувон маҳаллаларида истиқомат қилаётган шу тоифадаги ёшлар билан учрашиб, улар ташвиш-муаммоларини ўрганди.
Айтиш жоизки, айнан Қоқиштувон ва Пойжўй маҳаллаларидан кам таъминланган, эҳтиёжманд оила фарзандларидан 31 нафари сараланган. Чунончи, қоқиштувонлик Озодбек Авезов, Дилнура Каримова, Малоҳат Ҳомидова, Мажид Тўхтаев, Қувондиқ Бахронов, Саодат Бешимова, Шерали Тўрамуродов, Мафтуна Абдуллаева, пойжўйлик Маҳзуна Мустафоева, Жамшид Равшанов, Мадина Ҳотамова, Садриддин Савриев, Жаҳонгир Субҳонов, Авез Жўраев, Ортиқ Қўчқоров, Дилдора Полвонова, Асадбек Сайфиев сингари йигит-қизлар учун даромад манбаини яратиб бериш, улар бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Туман мутасаддилари, тегишли ташкилот раҳбарлари иштирокида икки маҳаллада манзилли олиб борилган ўрганишларда йигит-қизлар меҳнат лаёқати, хоҳиш-истаги баҳолангани ҳолда амалий ёрдам бериладиган бўлди. Масалан, қоқиштувонлик Дилобар Нажмиддинова ҳамда пойжўйлик Мадина Ҳотамоваларга замонавий тикув машиналари олиб бериладиган, Бухоро давлат университети тарих факультетини битирган Шахзодбек Амриллоев ишга жойлаштириладиган, Қувондиқ Баҳронов ва Жаҳонгир Субҳоновларга чорвани ривожлантириш учун тижорат банки томонидан 200 миллион сўмгача имтиёзли кредит маблағи ажратиладиган бўлди.
Шунингдек, кўришда нуқсони бўлган қоқиштувонлик Шерзод Астанов ва пойжўйлик Асадбек Сайфиевлар Бухоро шаҳридаги «Химчан» тиббиёт клиникасида тиббий кўрикдан ўтказиладиган бўлди.
Умуман, учрашувларда вилоят ҳокимининг ўринбосарига ёшларнинг банк имтиёзли кредит сармоясини олишда амалий кўмаклашиш, иш билан таъминлаш, яшаб турган уй-жойини таъмирлаш, бир марталик моддий ёрдам ажратиш, саломатлигини тиклаш билан боғлиқ мурожаатлар йўлланди. Мурожаатларнинг 6 таси шу куннинг ўзида ижобий ҳал этилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









