Қоракўл: қозонлик чевар Дилноза Жўраева 15 нафар хотин-қиз бандлигини таъминламоқда
2025-04-26 12:50:00 / Янгиликлар

Бу каби саъй-ҳаракатни изчил давом эттириш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг барқарор ва қўшимча даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш мақсадида чекка туманда имтиёзли кредит маблағи асосида эҳтиёжманд оилаларнинг меҳнатга лаёқатли вакилларига зарур минитехнология, ускуна ва дастгоҳлар етказиб берилмоқда.
Бугунга келиб туманнинг Қозон маҳалласида 911 та хонадон, 1214 та оила ва уларда жами 4200 нафарга яқин аҳоли вакили умргузаронлик қилаётган бўлиб, ҳудудда вақтинча ишсиз бўлган фуқароларнинг 368 нафарини доимий ишга жойлаштириш, шунингдек, 279 нафарини якка тартибда ўзини ўзи банд қилиш, 154 нафарини эса мавсумий ишларга жалб қилиш чора-тадбири кўрилмоқда. Бу борада туман ҳокимининг маҳалладаги ёрдамчиси тавсияномаси асосида 244 нафар фуқарога ўтган йили умумий қиймати қарийб 5 миллиард сўм кредит сармояси ажратилиб, бизнес фаолияти учун моддий мадад кўрсатилмоқда.
Айни кунда маҳаллада 18 та юридик мақомга эга кичик корхона, 16 та якка тартибдаги тадбиркор ва 49 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Шу ҳудудда яшовчи Дилноза Жўраева ҳам ташаббускор сифатида маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан тикувчилик фаолиятини бошлаганлардан бири. Муҳими, бу лойиҳа ишга тушгани натижасида маҳалладаги ишсиз хотин-қизлардан 15 нафарининг бандлиги таъминланмоқда.
—Тикувчилик корхонамизга қабул қилинган чеварларимиз аксарияти ҳудудда кам таъминлаган оилалар бекалари ва қизлари,—дейди тикув цехи раҳбари Дилноза Жўраева.—Қолаверса, маҳалламизда яна ўнга яқин хотин-қизни касаначилик асосида буюртмалар бериб, ишимизга жалб қилмоқдамиз. Даромадимиз асосан, турли андозадаги бежирим аёллар кийим-кечакларини тикиб тайёрлаб беришдан. Тумандаги политехникум ўқувчилари, ёш чеварлар ҳам дарсдан сўнг касб-ҳунар ўрганиш учун цехимизга қатнамоқда.
Ҳозирда туман ҳокимлиги ва тадбиркор ҳамкорлигида мазкур тикувчилик корхонасини қўллаб-қуватлаб, маҳсулдорлик, иш ўрни ва даромадни кўпайтириш чоралари кўрилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






