Когон: Ниёзҳожида Лутфулло Ҳасанов томорқачиликда кўпларга ўрнак
2025-04-26 12:45:00 / Янгиликлар

Мазкур иссиқхоналарнинг аксарияти 1–4 сотихдан иборат бўлиб, йил бўйи асосан помидор, картошка, пиёз, бодринг, карам, саримсоқпиёз, қолаверса, лимон, апельсин каби цитрус мева етиштирилиб, халқимиз дастурхонига туҳфа этиб келинмоқда.
Бу йўналишда намунали ишларни амалга ошираётган миришкорлардан бири Ниёзҳожи маҳалласида яшовчи Лутфулло Ҳасановдир. Нафақа ёшида бўлишига қарамасдан, меҳнатни ўзига ошно билган Лутфулло ака кўп йилдирки, 6 сотихдан иборат томорқасини яшнатиб, рўзғори эҳтиёжи учун сабзавот маҳсулотлари экиб етиштиришни канда қилмайди. Бунда унга умр йўлдоши, фарзандлари яқиндан кўмаклашмоқда. Маҳалла фаоллари Лутфулло ака сингари намунали фуқароларни эътироф этиб, тажрибаларини бошқаларга тарғиб қилишмоқда.
—Шу йил февраль ойида экин еримизга ўғит киритиб, ҳайдаб, суғориб, тайёрлаб, серҳосил картошка уруғлигидан экиб, парваришлаяпмиз,—дейди томорқа эгаси Лутфулло Ҳасанов.—Шу билан бирга, эрта баҳордан томарқамизга бақлажон, булғор қалампири каби сабзавот маҳсулотлари билан бирга 1,5 сотих ерда қулупнай экиб етиштирмоқдамиз. Насиб қилса, биргина картошкадан 1 тоннага етказиб ҳосил олсак, қулупнайдан ҳам яхшигина ҳосилни кўзлаганмиз. Албатта, “ҳолва деган билан оғиз чучимас”, булар барчаси пешона тери, тинимсиз меҳнат ортидан. Аввало, рўзғор тўкинлигини таъминлаш учун оиламиз билан ҳаракатдамиз ва бошқаларга ҳам шуни маслаҳат берамиз.
Шу ўринда чоғроқ еридан катта даромад олаётган когонлик илғор томорқа эгаларидан Сорғун маҳалласида истиқомат қилаётган Шуҳрат Тўраев, Ўба-Чўли маҳалласида яшовчи Носир Ҳайдаров, Баҳоуддин Нақшбанд маҳалласида яшовчи Баҳром Ёдгоров, Сараён маҳалласида яшовчи Саид Нарзиев, Туткунда маҳалласида истиқомат қилаётган Ахтам Фозиловларни алоҳида кўрсатиш мумкин. Йил бўйи астойдил экин ерида ишлаб, керак бўлса “йўқни йўндириб”, пировардида пешона тери эвазига баракали ҳосил етиштираётган аҳоли хонадонлари миришкорлари булар. Мазкур хўжаликларда жорий йил қиш ойларидан плёнка остида картошка, помидор, пиёз, булғор қалампири, яна бошқа маҳсулотлар етиштирилаётганини кўриш мумкин.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








