Пешку туманида навбатдаги тиббий кўрик ва жарроҳлик амалиётлари ўтказилди
2025-04-26 10:40:00 / Янгиликлар
Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали етакчи мутахассислари томонидан Пешку туманида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ва беморларда юкори технологик жарроҳлик амалиётлари самарали бажарилди. Аҳамиятли жиҳати, туман тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникасида ташкил қилинган аҳолининг тиббий кўригида ўз саломатлигига бефарқ бўлмаган 598 нафар фуқаро иштирок этди.

Қатор мутахассисликлар бўйича врачлар иштирокида бўлиб ўтган тиббий кўрикда 147 нафар фуқарода терапевтик, 59 нафарида хирургик, 31 нафар беморда гинекологик, 82 нафарида руҳий-асаб касалликлари, шунингдек, вояга етмаганлардан 20 нафар болада турли касалликлар аниқланди. Шундан сўнг беморларни босқичма-босқич амбулатор, стационар, уй шароитида даволаш ва соғломлаштириш чора-тадбири белгиланди.
Шу билан бирга, тиббий кўрикда жисмоний имконияти чекланган ва ўзгалар ёрдамига муҳтож, I-II гуруҳ ногиронлик гуруҳига мансуб беморлар ҳудудий поликлиника врачлари билан биргаликда уйларига бориб кўрилди. Уларга ихтисослик бўйича соғломлаштириш режаси асосида мутахассислар томонидан тиббий маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Шу куни тиббий кўрикда аниқланган беморлардан 13 нафарига РШТЁИМ Бухоро филиалида ва 28 нафар беморга Пешку туман тиббиёт бирлашмасида стационар шароитида даволаниши учун йўлланмалар берилди.
Яна бир муҳим жиҳати, филиалдан ташриф буюрган травматолог, хирург, гинекологлардан иборат жарроҳлик амалиёти бригадаси “Emergency department” бўлимида тўлиқ стерил тиббий асбоб-анжомлар тўплами билан бир нечта операцияларни ўтказдилар. “Маҳорат дарси” доирасида тумандаги шифокор мутахассислар иштирокида бажарилган бу жарроҳлик амалиётлари филиалнинг етакчи мутахассислари томонидан кам таъминланган ва моддий мададга муҳтож оилаларнинг 6 нафар беморида муваффақиятли бажарилди. Ҳозирда беморлар аҳволи қониқарли ва тез кунда улар оёққа туриб, уйларига кузатилади.
Айтиш жоизки, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш тадбирлари йил охиригача давом этади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








