«Хотин-қизларнинг ижтимоий ва давлат бошқарувидаги ўрни» мавзусида семинар бўлиб ўтди
2025-04-25 16:15:00 / Янгиликлар

Бу ҳақда сўз борганда, аввало, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 58-моддасида: «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлидирлар. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлайди», деб белгиланганини таъкидлаш лозим. Ушбу конституциявий кафолатлар бугунги кунда ҳаётимизнинг барча соҳаларида ўз ижобатини топмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда айни жиҳатлар эътироф этилди.
Семинарда давлат ва жамият бошқарувидаги аёлларнинг ролини ошириш ва ишбилармон аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов юртимизда, жумладан, вилоятда гендер тенглиги бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Таъкидланганидек, бугун вилоятимизда ҳар жабҳада илғор, ташаббускор ва ибратли хотин-қизларимиз сони тобора ошиб бормоқда. Хусусан, Олий Мажлис Сенатида 1 нафар, Қонунчилик палатасида 1 нафар, маҳаллий Кенгашларимизда эса 103 нафар вилоятимиз аёллари фаолият юритишмоқда. Бундан ташқари, вилоятимизда 2395 нафардан зиёд хотин-қизлар турли раҳбарлик лавозимларида ишлаб келишмоқда. Улар вакиллик органлари, ижро ҳокимияти, суд-ҳуқуқ соҳаси, маҳаллий ва ўзини-ўзи бошқариш тизимлари, нодавлат ташкилотлар ҳамда тадбиркорликда қўйингки, ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида катта кучдир. Сўнгги 7 йил ичида вилоятимизда ишбилармон аёллар сафи ҳам кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 25 минг нафардан ошди. Биргина ўтган 2024 йилнинг ўзида юртимизда турли байрам саналари муносабати билан 20 нафар хотин-қизларимиз давлат мукофотлари билан тақдирланишди. Шу билан бирга, вилоят, барча шаҳар ва туманлардаги жамоатчиликка, аввало, ёшларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган, обрў-эътиборли аёлларни ўз сафида бирлаштирган «Оқила аёллар» ҳаракати бугун том маънода жамиятимиз овозига, маҳалла виждонига айланди. Ҳозирги кунда илм-фан соҳасида ҳам вилоятимиздаги олий ўқув юртларида жами 500 га яқин олима аёлларимиз фаолият кўрсатмоқда.
— Бу рақамлар аввало, қизларимиз, опа-сингилларимизнинг интеллектуал салоҳияти нақадар баландлигидан, агар тегишли шароит ва имконият яратиб берсак, улар ҳар қандай юксак маррани забт этишга қодирлигидан далолат беради, — деди вилоят раҳбари.
Тадбир давомида ўзининг етакчилик салоҳиятига эга, турли лавозимлар меҳнат қилаётган хотин-қизлар фаолиятини ўзида акс эттирган видеоролик намойиш этилди.
«Давлат хизматида фаолият юритаётган хотин-қизларнинг ўрни: Бухоро вилояти мисолида», «Жамиятда хотин – қизларнинг ижтимоий сиёсий фаоллигини ошириш», «Давлат фуқаролик хизматида хотин-қизларни раҳбарликка мақсадли тайёрлашнинг ташкилий-ҳуқуқий жиҳатлари», «Аёл раҳбарлар учун ҳокимликка йўл – муаммолар ва имкониятлар» каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Шунингдек, семинарда мазкур йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









