Бухоро вилоят маданият бошқармаси Челябинск билан ҳамкорлик қилади
2025-04-24 22:15:00 / Янгиликлар

Шу кунларда Бухоро вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Шерзод Тилавов бошчилигидаги делегация Россия Федерациясининг Челябинск вилоятида хизмат сафарида бўлиб, Бухоро ҳамда Челябинск вилоятлари ўртасидаги ўзаро маданий ҳамкорлик ришталарини янада ривожлантиришга доир музокаралар олиб боришмоқда.
Миллатлараро дўстликнинг ёрқин кўриниши сифатида ижодий ҳамкорликка доир бу мулоқотлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги маданий алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши билан аҳамиятли. Бухоро вилояти маданият муассасалари ва Россиянинг нуфузли санъат ташкилотлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Бу меморандумлар икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамловчи янги пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Челябинск давлат филармонияси бош директори А. Пелймский ва Бухоро вилоят филармонияси директори Р. Авезов томонидан имзоланган меморандумда ўзаро тажриба алмашинуви, санъат фестивалларида иштирок, ижодий сафарлар белгиланди. Жумладан, гастроль сафарларини ташкил этиш, мастер-класслар ва маҳорат дарсларини ўтказиш, қўшма спектакллар ва санъат тадбирларини уюштириш каби масалалар муҳокама қилинди.
Умуман, Челябинск шаҳридаги учрашув ва музокаралар конструктив руҳда ўтди. Келгусидаги амалий ҳамкорлик чора-тадбирлари ўзаро келишиб олинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









