Бухоро тумани: қўшходимлик Феруз Файзуллаев ҳам томорқа ерида баракали ҳосил етиштирмоқда
2025-04-24 20:20:00 / Янгиликлар

Деҳқончилик хусусида гап борганда, шу йил бошида Қўшходим маҳалласидан ўтган ариқнинг 5400 метр қисми ўзанини бетонлаштириш ишлари олиб борилгани туфайли ҳудуддаги фермер хўжаликлари билан бирга, ўнлаб томорқа эгаларининг 80 гектардан ошиқ экин ерини нисбатан камроқ сув сарфлаб, суғориш имкони туғилгани ни эътироф этиш жоиз. Қайд этиш лозимки, "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури асосида мазкур ички суғориш тармоғи пудратчи "Наврўз Акмал строй инвест" МЧЖ томонидан реконструкция қилинди.
Айнан «Қўшходим» маҳалла фуқаролар йиғинидаги «еттилик» масъуллари томонидан сўнгги бир йилда «Ёшлар баланси» шакллантирилиб, улар қизиқиши, меҳнат лаёқати ва ижтимоий-иқтисодий муаммолари индивидуал тарзда ўрганилган. Хонадонбай хатлов ишлари олиб борилиб, эҳтиёжманд оилаларнинг 57 нафар ёшига яшаш жойидан узоқ бўлмаган, суғоришга қулай ҳудуддан жами 15 гектар унумдор ер майдони тақсиимлаб берилгани кўпларни хурсанд қилди. Бу ерларда ёшлар томонидан бошоқли дон, сабзавот-полиз ва дуккакли экинлар етиштирилаётгани улар рўзғори кам-кўстини қопламоқда.
Шу маҳалладаги Дабиён қишлоғида яшовчи Феруз Файзуллаев ҳам ўтган йили ёшларга ажратилган экин еридан 20 сотихини олиб, деҳқончилик билан шуғулланишни бошлаган.
—Менга «Адизобод Эркин Маҳмуд» фермер хўжалигидан ажратилган 20 сотихдан иборат ерда оила аъзоларимиз билан бирга бултур куз ойларида сабзи, лавлаги ва шолғом экиб, яхши ҳосил олишга эришганмиз,—дейди Феруз Файзуллаев.—Бу йил бошида еримизни 1 сотих қисмида ихчам иссиқхона ҳам қуриб, эрта баҳордан ер тайёрлаб, унда помидор кўчатларини кўчириб ўтқаздик. Ҳадемай, помидоримиз ҳосилга киради. Очиқ дала майдонида эса эртанги сабзи ва булғор қалампиримиз тайёр бўлмоқда.
Мўлжалга кўра, биргина оила яқин бир ойда 500 килограм помидор, яна шунча булғор қалампири ва 2 тонна атрофида сабзи ҳосилини йиғиб, саранжомлаб олса, бундан 40 миллион сўмга етказиб даромадга эришиши мумкин. Асосийси, томорқадаги ҳалол меҳнат ортидан ҳам моддий манфаат, ҳам рўзғор бутлиги таъминланмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









