Когон: талчалик Лазиз Файзуллаев захкаш бўйида мўъжаз паррандачилик фермасини ташкил этди
2025-04-24 15:45:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 апрелдаги «Қишлоқ хўжалиги корхоналари дала четларидаги ер майдонларида маҳсулот етиштириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, аграр соҳанинг мавжуд имкониятларидан тўлақонли фойдаланишга жазм қилинмоқда.

Бу борада вилоятимизда «Аму Бухоро» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳам диққатга молик. Аниқроғи, бошқарма тизимидаги тузилмалар, вилоят гидрогеология ва мелиоратив экспедицияси жамоаси, қолаверса, ташаббускор тадбиркор ҳамда аҳоли вакиллари томонидан коллектор, дренаж тармоқлари ва зовурлар муҳофаза зонасидаги ташландиқ ерларни обод қилиш, уларда талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ҳосил етиштириш, шу билан бирга, ҳудудда паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик каби бизнес лойиҳаларини кенг жорий этиш тажрибаси шаклланаётгани қувонарли.
Захкашлар бўйида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экиб етиштириш билан бирга, сув йўллари атрофида сунъий ҳавза қазиб тайёрлаб, балиқчиликка қўл урган ёки товуқхона қуриб, парранда парваришини ривожлантираётганлар Пешкў, Шофиркон, Вобкент, Жондор, Ғиждувон, Когон, Қоракўл, Олот туманларида ҳам етарлича.
Темирйўлчилар тумани Когонда ҳам ана шундай уддабурро ёшлардан бири Лазиз Файзуллаев ўзи истиқомат қиладиган Ниёзҳожи маҳалласининг Талча қишлоғидан ўтган захкаш бўйида паррандачилик фермасини ташкил этишга киришган.
—Очиғи, чет элларда, мусофирчиликда ишлаб оила боқаётганларнинг сабр-бардошига қойил қолиш керак. Мен ҳам хориждан миграциядан қайтиб, оилам бағрида бирор даромадли иш билан шуғулланиш тўғрисида ўйлаб кўриб шу ишга қўл урдим,—дейди Лазиз Файзуллаев.—Ишсизлигим сабабли, маҳалламизга ёндош ҳудудда бўш турган коллектор атрофига паррандачилик билан шуғулланишни бошладим. Нега деганда, меҳнатни зиммага олса, қисқа муддатда мўмай даромадга эришиш мумкин. Қолаверса, шу соҳага қизиқишим кучли бўлганидан тезда ишга киришдим. Бугунга келиб захкаш бўйида қурган ва симтўр тортиб тайёрлаган мўъжазгина фермамизда боқилаётган ўрдак, ғоз, курка ва товуқ сони 80 бошга яқинлашди. Шунингдек, бу ерда эчкиларни ҳам боқиб кўпайтириб, оиламиз учун даромад манбаига эга бўлмоқдамиз. Жониворлар учун дағал хашак, комби-корми, ўтбеда ва бошқа озуқаларини кундалик рационидан келиб чиқиб жамғариб бормоқдамиз.
Лазиз Файзуллаев бугун ёш тадбиркор сифатида иш бошлаган бўлса, у ва оиласи моддий манфаатдорлиги астойдил меҳнатидан аста-секинлик билан эришилаётган узвий жараён эканлигини яхши тушунади. Шу боис, у парранда сони ва турини кўпайтиришга бел боғлаган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






