Бухорода “ILF Consulting Engineers” компанияси билан вилоятдаги ижтимоий соҳа муассасалари ҳамда маъмурий биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш ҳамда уларни барқарор иссиқлик билан таъминлаш лойиҳаларини бошлаш юзасидан учрашув ўтказилди
2025-04-24 14:55:00 / Янгиликлар

Бугун, 24 апрель куни Австриянинг “ILF Consulting Engineers” компаниясининг бош менежери Филип Флох, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Самандар Садуллаев ҳамда Энергиясамарадорлиги миллий агентлиги масъуллари ўртасида Бухорода “ILF Consulting Engineers” компанияси билан вилоятдаги ижтимоий соҳа муассасалари ҳамда маъмурий биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш ҳамда уларни барқарор иссиқлик билан таъминлаш лойиҳаларини бошлаш юзасидан учрашув ўтказилди.
Маълум қилинишича, жорий йилда Бухорода тажриба синов тариқасида 100 га яқин таълим ва тиббиёт муассасалари, маъмурий иншоотлари биноларининг энергия самарадорлиги оширилади ҳамда уларнинг иссиқлик таъминоти қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари асосида тўлиқ модернизация қилинади.
Ушбу турдаги лойиҳалар жорий йилда республика миқёсида 60 дан ортиқ объектларда давом эттирилиб, келгуси йилдан бошлаб Бухоро тажрибаси асосида орттирилган билим ва қўникмалар асосида республика миқёсида кенг жорий қилинади.
Мулоқотда лойиҳани амалга ошириш механизмлари ҳамда қўлланиладиган инновацион технологиялар юзасидан батафсил фикр алмашилди.
Бундан ташқари, инновацион технологияларга асосланган иситиш тизимини яратиш, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежовчи технологиялардан кенг фойдаланиш имкониятларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва белгиланган мақсадларга эришиш учун тизимли ишлашга келишиб олишди.
Бугундан компания мутасаддилари вилоятдаги лойиҳа амалга ошириладиган ижтимоий соҳа объектларида инструментал ўрганишларни бошлаб юборишди.
Маълумот учун: ILF Consulting Engineers — халқаро муҳандислик ва консалтинг компанияси бўлиб, штаб-квартираси Рум/Инсбрук (Австрия) ва Мюнхен (Германия)да жойлашган ва бутун дунё бўйлаб 45 дан ортиқ ваколатхоналари мавжуд. Компания 1967 йилда ташкил этилган ҳамда инфратузилма, энергетика, атроф-муҳит муҳофазаси ва саноат лойиҳаларини ишлаб чиқиш, режалаштириш ва амалга ошириш бўйича дунёнинг энг етакчи инженерлик ташкилотлардан бири ҳисобланади.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








