Шофиркон: Ҳаким Исломов уй хўжалигида 1 500 бош «бройлер» жўжа парваришланмоқда
2025-04-23 21:15:00 / Янгиликлар

"Ҳар бир оила – тадбиркор" дастури доирасида Гулистон маҳалласида яшовчи Ҳаким Исломов хонадони аъзолари ҳам паррандачиликни ривожлантиришга аҳд қилишган. Туман ҳокимининг маҳалладаги ёрдамчиси тавсияномаси асосида имтиёзли кредит маблағини расмийлаштириб олган хонадон аҳли 40 кунда етилиб, парҳезбоп гўштга топшириладиган «бройлер» жўжа боқишда етарли тажрибага эга.
Шу боис, айни пайтда Исломовлар уй хўжалигидаги оғилхонада алоҳида товуқхона қуриб, ветеринария талабларига биноан парваришланаётган жўжа сони 1500 бошга етказилган. Лойиҳанинг афзаллиги—қисқа муддатда юқори ҳосилдорликка эришиш имкониятидир. Қолаверса, миришкор паррандабоқарлар бир йилда 5-7 мартагача «бройлер» жўжа боқиб, умумий ҳисобда 5 тоннагача парҳезбоп гўшт тайёрлаб сотиши, мўмай даромадга эришиши мумкин.
Ҳаким Исломов товуқхонасига келсак, баҳор кунларида жўжаларга мўътадил ҳаво ҳарорати ва намлик сақланиб, сув ва озуқа билан автоматик таъминлаш механизми қўлланилмоқда. Муҳими, хонадонда экология ва санитария талабларига жавоб берадиган товуқ гўшти тайёрланмоқда. Парранда рационидаги ем-хашак, зарур дармондори, минералларнинг табиий манбалари тайёрланган бўлиб, биологик ҳимоя қилишнинг ишончли тизими яратилган. Қолаверса, ҳар ҳафта–10 кунда эмлашларини ўтказиб, махсус минераллар билан бойитилган комби-корми, озуқасини саралаб олиш тақозо қилинади.
Бир йилда 5 мартагача «бройлер» товуқ етиштиришга жиддий киришган Ҳаким Исломовнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар бир партиядан ўртача 15 миллион сўм миқдорида соф даромад олиш мумкин. Бу дегани, интилиш ва ҳаракат бўлса, жорий йил якунигача 90–100 миллион сўмгача моддий манфаат топиш мумкин экан. Ҳозирда миришкорлар товуқхонасида оила аъзолари бандлиги таъминлангани баробарида мўмай фойдага эришилмоқда. Аниқроғи, 40 кунлик парваришдан сўнг ҳар бир бош парранда ўртача 1,5 килограмдан гўшт маҳсулотини берганида, бу 2200 килограм парҳез гўшт деганидир. Маҳсулотнинг бозор баҳоси ва эришиладиган фойдани ҳисоб-китоб қилиш эса қийин эмас.
Хулоса шуки, туманда гулистонлик Исломовлар оилавий фаолияти тижорат банки имтиёзли кредит маблағи орқали ўз ишини бошлаган, қисқа муддатда даромад келтирувчи бизнес лойиҳасини амалга ошираётган муваффақиятли ташаббуслардан бири сифатида оммалаштирилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








