Когон: Шариповлар томорқасида помидор ҳосилидан 90 миллион сўм даромад кўзланмоқда
2025-04-23 14:10:00 / Янгиликлар

Шунингдек, ҳудудда бевосита иссиқхона хўжалигини барпо этиб, унда йилнинг тўрт фаслида ҳам баракали ҳосил етиштираётган хўжаликлар экин ери 20 гектардан ортиқ майдонни ташкил этмоқда. Мазкур иссиқхоналарнинг аксарияти 1–4 сотихдан иборат бўлиб, йил бўйи асосан помидор, картошка, пиёз, бодринг, карам, саримсоқпиёз, қолаверса, лимон, апельсин каби цитрус мева етиштирилиб, халқимиз дастурхонига туҳфа этилмоқда.
Темирйўлчилар туманида ернинг ҳар қаричидан омилкорлик билан фойдаланиб, оилавий эҳтиёжларини қоплаш билан бирга, яхшигина даромад топаётган оилалар талайгина. Хусусан Ниёзҳожи маҳалласи, Куржан қишлоғида яшовчи Абдужаббор Шарипов хонадони ҳам ана шундай миришкор томарқа эгаларидан саналади. Айни кунда экин ерида астойдил меҳнат қилиб, ризқ-рўз ундиришда яхшигина тажриба тўплаган Абдужаббор ака ҳовлисидаги 9 сотихдан иборат экин ерида ҳам иссиқхона ва очиқ майдондан фойдаланиб, сабзавот маҳсулотлари экиб етиштириб келинмоқда.
Шу йил бошидан Шариповлар хонадонидаги экин ери ва иссиқхонасида помидор, бодринг, булғор қалампири, очиқ майдонда турли гуллар ҳамда қулупнай етиштирилмоқда. Оила аъзолари ҳамжиҳатликда ишлаб, албатта, экин еридан мўл ҳосил олишмоқда. Улар таъбирича, томорқада банд бўлиш, ҳам муҳтожликдан, ҳам бекорчиликдан, ҳатто, безориликлардан, албатта, даромадсизликдан сақлайди.
Томорқа меҳнати даромадсиз қилмаган. Хонадон миришкорлари бу йилги мавсумда биргина помидор ҳосилидан 90 миллион сўм даромадни кўзлашмоқда. Дарҳақиқат, ерга меҳр берилса, иштиёқ ва яхши ният билан меҳнат қилинса, томорқа ҳаммани боқади. Ҳалол меҳнатдан рўзғор бут, турмуш эса фаровонлашиб бораверади.
Шу ўринда чоғроқ еридан катта даромад олаётган когонлик илғор томорқа эгаларидан Сорғун маҳалласида истиқомат қилаётган Шуҳрат Тўраев, Ўба-Чўли маҳалласида яшовчи Носир Ҳайдаров, Баҳоуддин Нақшбанд маҳалласида яшовчи Баҳром Ёдгоров, Сараён маҳалласида яшовчи Саид Нарзиев, Туткунда маҳалласида истиқомат қилаётган Ахтам Фозиловларни алоҳида кўрсатиш мумкин.
Йил бўйи астойдил экин ерида ишлаб, керак бўлса «йўқни йўндириб», пировардида пешона тери эвазига баракали ҳосил етиштираётган аҳоли хонадонлари миришкорлари булар. Мазкур хўжаликларда жорий йил қиш ойларидан плёнка остида картошка, помидор, пиёз, булғор қалампири, яна бошқа маҳсулотлар етиштирилаётганини кўриш мумкин. Улар орасида лимон етиштиришда пухта тажрибага эгалари ҳам кўпаймоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









