Олот: Усмоншайх маҳалласидаги новвойхонада 5 та иш ўрни яратилди
2025-04-23 13:55:00 / Янгиликлар

Биргина Усмоншайх маҳалла фуқаролар йиғинини олсак, чекка ҳудуд таркибидаги Заргарқайроқ, Қипчоққоровул, Шераклар, Қозиработ қишлоқларида бугунга келиб 1100 тага яқин хонадон, 1390 та оила ва уларда жами 4500 дан ошиқ аҳоли вакили умргузаронлик қилаётган бўлиб, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида яратиб берилган имкониятлардан унумли фойдаланаётганлар сафи кенгаймоқда.
Шундайлардан бири Улуғбек Эргашев ҳам кўпдан ўзи ўйлаб юрган режасини амалга ошириб, маҳаллада замонавий ускуна ва дастгоҳларига эга қолипли нон пиширадиган новвойхонаси фаолиятини йўлга қўйди. Муҳими, биргина ташаббус туфайли новвойхонада ҳозирда 5 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланмоқда.
—Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётганимизга 6 йилдан ошибди. Айни пайтда «буханка» цехимизда кунига ўртача 5-6 қоп ундан хамир қориб, талаб ва эҳтиёжга яраша қолипли нон—«буханка» тайёрлаб чиқармоқдамиз,—дейди ишбилармон Улуғбек Эргашев.—Нонимиз харидоргир, ҳар куни минг донадан ошиқ нонни савдо дўконлари, ошхоналарга етказиб бериб, жамоамиз ишчилари моддий манфаатдорлигини таъминлаяпмиз. Қолипли нон ишлаб чиқаришда новвой хизмати, хом ашё, яъни ун маҳсулоти, новвой хизмати, қолаверса, электр энергияси барқарор таъминланса, замонавий тандир, яъни юқори ҳароратдаги «духовкамиз»дан чиқадиган нон ҳам мазали ва харидорга манзур бўлади.
Тадбиркор томони цехни икки сменада, кунига 20 соатгача «ишлатиб», 3 миллион сўмлик маҳсулотни аҳоли хонадонларига етказмоқда. Бунда ишчи новвойларга кунбай бажараётган ишига қараб, 2-2,5 миллион сўм атрофида ойлик маош тайинланган. Тадбиркор ишлаб чиқаришни кенгайтириб, қандолат маҳсулотлари тайёрлашни ҳам йўлга қўйишни режалаштирган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати






