Шофиркон: доригарлик Илёс Соҳибов уй хўжалиги ҳам кўрса ҳавас қилгулик
2025-04-19 18:20:00 / Янгиликлар

Шундайлардан бири Илёс Солиевнинг уй хўжалиги ҳавас қилгулик. Бунда хонадон аъзолари мавжуд 8 сотихдан иборат томорқанинг ҳар қаричини яшнатиб, унда ҳосил етиштиришнинг уддасидан чиқмоқдалар. Бу ернинг 6 сотих қисмида шу кунларда саримсоқпиёз ва помидор, 2 сотих майдонда эса картошка экиб парваришланмоқда. Ҳадемай, ярим тоннадан ошириб картошка, бошқа маҳсулотлардан ҳам олинадиган мўл ҳосил рўзғор кам-кўстини қоплашга сарфланади.
Солиевлар ҳовлисининг чор атрофида ўрик, олма, шафтоли, гилос дарахтлари, шунингдек, экин ери бурчагида 4-5 туп анор бутаси яшнаб турибди. Қолаверса, маҳаллий аҳоли удумига кўра, ҳовлида сархил узум навларига мансуб токзор барпо қилинган. Албатта, пишиқчилик мавсумида хонадон дастурхонини тўлдирадиган ширин-шакар мевалар ҳам шундан.
Хонадон эгаси Илёс Соҳибовнинг билдиришича, ердан биринчи ҳосил йиғиб олингач, томорқага маҳаллий ва минерал ўғит киритилиб, чуқур ҳайдаб суғорилади. Иккинчи ҳосил учун алмашлаб экиш тартибида помидор, булғор қалампири, бодринг, бақлажон, ловия, ошқовоқ кабилар экилади. Қарабсизки, кузга бориб яна бир сидра рўзғор учун кундалик зарур сабзавот маҳсулотлари заҳираси яратилади. Ўтган йилги мавсумда миришкор хўжалик томорқасидан 40 миллион сўмдан ошириб даромадга эришган бўлса, жорий йилги деҳқончилик салмоғи ҳам бултургисидан кам бўлмас.
Қишлоқ шароитида бор имкониятдан фойдаланаётган Илёс Солиевнинг ҳовлиси этагидаги оғилхонасида ҳам соғин сигири, бўрдоқига боқаётган қорамоли, яна беш-олти бош қўй-қўзиси бор. Тайинки, фарзандлар меҳнатсеварлигидан туёқ сони кўпайиб, маҳсулдорлик ошаётгани билан бирга, рўзғорга барака кирмоқда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати








