Қоракўл: қозонлик миришкор Исроил Жўраев интенсив боғ барпо этмоқда
2025-04-19 14:30:00 / Янгиликлар

Бу борада вилоятнинг чекка туманида кеч кузги ва қишки мавсумда пахта ва ғаллачиликда фаолият юритаётган 250 тага яқин фермер хўжалиги дала атрофларида жами 2 миллион тупдан ошиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқазиш ва парваришлаш ишлари уюшқоқлик билан ташкиллаштирилган. Шундан, 1 миллион 463 туп тут ва 731 минг туп ток кўчати ўтқазишга таъминотчи субъект, фермер хўжаликлари, қолаверса, пилла етиштирувчи хўжаликлари билан бирга дала-деҳқончилик фаолияти билан шуғулланаётган томорқа эгалари жалб қилинган.
Шунинг баробарида фермерлар билан бирга аҳоли хонадонлари, экин ерига эга бўлган деҳқон хўжаликларида боғ-токзор бунёд этиб, мевали ва манзарали дарахт ниҳоллари, ток кўчатларини ўтқазиб, астойдил парваришлаётган деҳқон хўжаликлари сафи кенгаймоқда.
Боғдорчилик, токзор парвариши билан бирга, қатор ораларини ҳайдаб, маҳаллий ва минерал ўғитга, «оби ҳаёт»га тўйинтириб, унда рўзғор эҳтиёжи учун зарур сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирилаётгани ҳам ўнлаб оилалар моддий манфаатдорлигига хизмат қилмоқда. Қозон маҳалласида яшовчи Исроил Жўраев ҳам томорқасида боғ яратган миришкорлардан.
—Боғимизда серҳосил тўрт хил навдаги олма, шафтоли, бодом, гилоснинг 3 хил навидан, яна ўрик, олхўри ва бошқа мевали дарахтлардан 50 тупдан ортиғини парваришлаяпмиз,—дейди омилкор боғбон Исроил Жўраев.—Пишиқчилик мавсуми ҳам яқин, интенсив усулда парваришлаётган ниҳолларимиз эса ҳали ёш, энди учинчи йилга ўтди, аммо, шунга қарамай, уларда ҳосил нишоналари сероб. Бундай «пакана» дарахтли боғларда мевани йиғиб-териш ҳам қулай. Биз ҳам оиламиз билан биргаликда 12 сотихли боғимиздан баракали ҳосил олишни кўзлаб меҳнат қилмоқдамиз. Қатор ораларида эса картошка, булғор қалампири, саримсоқпиёз ва кўкатлар экиб етиштириб, рўзғорни бутлаяпмиз. Боғ ишини ривожлантириб, келгусида мевани қайта ишлаб, улардан шарбат, мурабболар тайёрлаб, халқимиз дастурхонига етказиб беришни ният қилганмиз.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати







