Вобкент: "Bahor Еco Lux" МЧЖ ўтган йили 200 минг АҚШ долларига тенг маҳсулот экспорт қилди
2025-04-19 12:45:00 / Янгиликлар

Бугунга келиб Хажувонда 20 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти ўз ташаббусларини рўёбга чиқариш, савдо, маиший хизмат кўрсатиш билан бирга ишлаб чиқаришни кенгайтириб, иш ўринларини кўпайтириш ва моддий манфаатдорликни ошириш ҳаракатида.
Шундай тадбиркорлик субъектларидан бири "Bahor Еco Lux"да йилига 26,3 минг тоннага тенг суюқ совун гели тайёрланиб, буюртмачиларга етказилмоқда. 2013 йилнинг декабрь ойида ташкил этилган корхонада бугунга келиб 60 нафардан ортиқ ишчи-мутахассис фаолият юритмоқда. Уларнинг ойлик маошлари эса 2-3 миллион сўм атрофида.
Цехларда кир ювиш кукуни ишлаб чиқариш ҳажми йилига 26 минг тоннага яқинни ташкил этаётган бўлса, маҳсулот сотишдан корхона йилига 200 минг АҚШ долларидан ортиқ экспорт манфаатдорлигига эришмоқда. Бу борада Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларидаги бизнес ҳамкорларга гел маҳсулоти экспорт қилинмоқда.
—Маҳалламизда ўтган йили оилавий тадбиркорлик йўналишида 121 нафар фуқарога 2 миллиард 881 миллион сўм имтиёзли тартибдаги банк кредит сармояси ажратилган бўлса, биргина асаларичилик тармоғини юритиши учун 21 нафар ташаббускорга қиймати 615 миллион сўм банк кредит маблағи расмийлаштирилган,—дейди ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси Ғайрат Остонов.—Худди шундай, 10 та иссиқхоначилик йўналишидаги ташаббускорлар лойиҳаси учун 159 миллион сўм, паррандачиликни ривожлантиришда 3 та лойиҳага 352 миллион сўм, тикувчиликка лаёқати бўлган 23 нафар чеварни зарур ускуна—тикув машинаси билан таъминлаш учун 162 миллион сўм, хизмат кўрсатиш тармоғидаги 46 та ташаббусли лойиҳага қиймати 1 миллиард 956 миллион сўм маблағ ажратилган.
Шунингдек, ишлаб чиқариш лойиҳаси билан чиққан 4 нафар ташаббускорга умумий 96,3 миллион сўм, яна талабгорларга қишлоқ хўжалиги техникалари хариди учун 235 миллион сўмга тенг банк кредит сармоялари ажратилиб берилгани натижасида жами 121 нафар ҳажувонлик фуқарога даромад манбаи яратилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









