Бухоро шаҳри: Шейхонда гулчи миришкор Мунаввар Баротова бор...
2025-04-19 12:40:00 / Янгиликлар

Мазкур маҳаллада бугунга келиб 2109 та оила, 1382 та хонадон ва уларда жами 8 мингдан ошиқ аҳоли умргузаронлик қилишмоқда. Ҳудудда асосий тирикчилик манбаи хизмат кўрсатиш, савдо, тижорат иши, аҳолига маиший хизмат тармоқларидир. Кейинги йилларда ихчам томорқа ерини обод қилаётган Мунаввар Баротова ҳам атиги 2 сотихдан иборат ерида турфа гул кўчатларини экиб етиштириб, меҳнатига яраша даромад топиб келмоқда.
Дўлама кўчасида истиқомат қилаётган гулчи бека маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияси асосида 35 миллион сўм имтиёзли кредит маблағини олиб, анвойи гул кўчатлари, уруғ ва гултуваклар харидига сармоя тикканди. Шунчаки қизиқишдан бошланган эрмак иши бугун жиддий мақсадга айланиб, бир хонадонга моддий манфаат келтирмоқда.
—Уйимиздаги мўъжаз экин еримизда етиштираётган гул турлари бугун юздан ошган,—дейди Мунаввар Баротова.—Оддий кактус ва атиргулнинг бир неча хили, хризантема, астромерия, карнайгул, чиннигул ва бошқа анвойи гуллардан экиб кўпайтириб, сотишга ҳам муваффақ бўлмоқдамиз. Оила аъзоларимиз билан биргаликда қаерда қандай ноёб, ўзимизга ёққан гул кўчатини кўрсак, албатта, экиб, ўстиришга ҳаракат қиламиз. Шу фаолиятимиз ортидан ўтган йили 150 миллион сўмга яқин даромадга эришибмиз. Айтиш жоизки, бундай мўъжизакор меҳнат ортидан маҳалладаги 4 нафар ишсиз фуқаронинг бандлигини ҳам таъминланлаяпмиз.
Тадбиркор аёл тижорат банкидан олган имтиёзли кредит маблағини қоплаш арафасида. Шогирдлари эса унга яқин кўмакчи бўлишлари қаторида ўзлари ҳам мустақил гулчиликни бошлаб, даромад топишга ўтишган. Миришкор гулчи уста Мунаввар Баротова яқин ойларда фаолиятини кенгайтириш ҳаракатида.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати





