Олот: Шаҳноза Полвонова уй хўжалиги кўпларга ҳавас...
2025-04-18 20:40:00 / Янгиликлар

Шулардан бири—"Жайхунобод" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Шаҳноза Полвонова уй хўжалигидир. Бунда томорқа ерининг 2 сотихидан ошиқроғида барпо қилинган иссиқхона ва экин ерида етиштирилаётган ҳосил, шунингдек, оғилхонани обод қилиб, чорва моллари, қўй-қўзи ва парранда боқилаётгани ҳисобидан меҳнатсевар оила барқарор даромад манбаига эга бўлган.
Биргина иссиқхонада шу йил бошидан картошка, бодринг, помидор, бақлажон ва қулупнай билан бирга кашнич, шивит, саримсоқпиёз етиштирилаётган бўлиб, яна 15 тупга яқин лимон бутаси ҳам парваришланмоқда. Маҳаллий тажрибага кўра, қопларга гўнг аралашмаси билан тупроқ солиниб, картошка уруғлиги қадалган бўлса, иккига бўлинган резина қувур асосига тупроқ солиниб, қулупнай кўчати ўтқазилиб, парваришланмоқда. Жўяклар қаторлари оралаб томчилатиб суғориш тармоғи тортилган томорқа ерида миришкорлар уч ойлик меҳнатдан сўнг 400 килограм бодринг, ярим тонна атрофида картошка ва қулупнай етиштириш ҳаракатидалар. Бундан бир хонадон хўжалиги кўзлаётган даромад салмоғи ҳам 40 миллион сўм атрофида экан.
Томорқа билан бирга оила миришкорлари 30 бош товуқ парваришлаб, кунига 25 дона тухум олишга эришаётган бўлсалар, қўрада 8 бош қўй, яна шунча эчки боқиб, рўзғорга барака киритмоқдалар.
—Кўриб турганингиздай, ҳовлимиз кичкиналигидан бошида иккиланиб иш бошлаганмиз. Иссиқхонамизда ишлаб, мўл ҳосил ва мўмай фойдага эриша бошлаганимиздан сўнг оғилхонада туёқ сонини кўпайтиришга киришганмиз,—дейди хонадон бекаси Шаҳноза Полвонова.—Наслли қорамоллардан аввалига бузоқ олиб, боқиб, айни кунда сигир ва ҳўкизларни етиштирмоқдамиз. Хомчўт қилсак, рўзғоримиз эҳтиёжи учун йилига 1 тонна атрофида гўшт ҳам етиштираётган эканмиз. Шу кунларда экин еримизни кенгайтириш ҳаракатидамиз. Бу ҳам рўзғорга фойда, албатта. Меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмаслиги далолати.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати









