Бухорода Фавқулодда вазиятлар вазирлиги биринчилиги мусобақалари бўлиб ўтди
2025-04-18 12:50:00 / Янгиликлар

Ҳарбийлаштирилган қисмлар шахсий таркибининг шошилинч вазиятларда тез ва оқилона ҳаракат қилиш кўникмасини шакллантиришга хизмат қиладиган бу спорт турнирида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳридан 19 та эркаклар ва 15 та аёллар терма жамоаларида жам бўлган 300 дан зиёд спортчи иштирок этди.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Бухоро минтақавий футбол академияси, Бухоро давлат университети спорт майдонларида ташкил қилинган қизғин ва муросасиз ёнғин-қутқарув спорти мусобақаларининг ёпилиш маросимида вилоят ҳокими Ботир Зарипов, республика Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари, полковник Санжар Зуфаровлар сўзга чиқиб, соҳа ходимлари, шахсий таркиб спортчилари, ёнғин қутқарувчиларни касбий маҳорат намойиши, эришилаётган ютуқлари билан самимий табрикладилар.
Эътироф қилинганидек, ёнғин-қутқарув спорти бўйича мураккаб ва қизиқарли беллашувларда ғолибликни қўлга киритган спортчиларимиз халқаро майдонларда ҳам Ўзбекистон байроғини баланд кўтариб, энг юксак соврин ва нишонлар соҳиби бўлишларига, халқимизнинг ғурур ва ифтихорига айланишларига ишонч билдирилди. Зеро, мазкур мусобақа – фақатгина спорт рақобати эмас, балки ўзаро тажриба алмашиш, дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш майдонидир.
Республика турнирида муваффақиятли иштирок этган терма жамоалар ҳамда шахсий биринчиликда ўз маҳоратини намойиш этган ғолиб ва совриндорлар тақдирланди.
100 метр масофага эстафета усулида югуриш, ишғол қилиш нарвонида ўқув минорасига кўтарилиш, жанговар ёйилиш каби тезкор шартлар бўйича спортчилар ва жамоалар номи эълон қилинди. Яккалик жамоавий баҳсларда тезкор ҳаракатланиши ва касбий маҳоратини намойиш этган спортчилар ва жамоалар фахрий ёрлиқ, медаль ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати




